Ингушетиянинг Қорабулоқ шаҳрида Россия махсус кучлари томонидан аксилтеррор операцияси ўтказилди, дея хабар қилди ТАСС. Операция давомида гуруҳнинг олти нафар аъзоси йўқ қилинган. Фуқаролар ва махсус кучлар томонидан қурбонлар йўқлиги маълум қилинди.

Аввалроқ шанба оқшомида қуролланган гуруҳ Қорабулоқ шаҳридаги кўп қаватли уйлардан бирида яширингани, уларга қарши Россия махсус кучлари томонидан аксилтеррор операцияси ўтказилаётгани хабар қилинган эди.

Қайд этилишича, гуруҳ аъзоларидан уч нафари 2023 йил баҳорида полициячиларга ҳужум қилгани учун қидирувда бўлган. Махсус кучлар гуруҳни қўлга олмоқчи бўлганида отишма бошланган, отишма пайтида квартира балконида ёнғин чиққан. Гуруҳнинг отишмада гранаталардан ҳам фойдалангани маълум қилинди.

Ингушетия раҳбари Маҳмуд-Али Калиматов Қорабулоқдаги вазият назорат остида эканлигига ишонтириб, аҳолини ваҳимага тушмасликка чақирди. Унинг сўзларига кўра, тинч аҳоли орасида қурбонлар йўқ, воқеа жойида тез ёрдам бригадаси иш олиб борган. Ингушетия Соғлиқни сақлаш вазирлиги баъзи оммавий ахборот воситалари томонидан тарқатилган отишма қурбонлари ҳақидаги маълумотни рад этди.

Хавфсизлик мақсадида қўшни уйлар аҳолиси эвакуация қилинган. Аҳоли маҳаллий мактаб биносига жойлаштирилган.

Мавзуга алоқадор