Дин енгилликдир
Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Дин енгилликдир. Ким динда қаттиқ туришга интилса, дин уни енгиб қўяди. Шунинг учун сиз тўғри амал қилинг, яқинлаштиринг, хурсанд бўлинг, эрталаб, куннинг охири ва тундаги тетик вақтларингиздан фойдаланинг” (Имом Бухорий ривояти).
Имом Суютий айтади: “Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам Исломни олдинги динларга нисбатан енгиллик, деб атадилар. Чунки Алллоҳ таоло бу диндан олдинги динлардаги қийинчиликларни олиб ташлаган. Бунга ёрқин мисол: олдинги диндагиларнинг тавбаси ўзини қатл этиш билан бўлгани, бу умматнинг тавбаси эса, гуноҳни тарк қилиш, унга бошқа қайтмасликка қасд қилиш ва пушаймон бўлишдир”.
“Ким динда қаттиқ туришга интилса”, деганларидан мақсад ҳеч ким динга ташаддуд (қаттиқлик) билан юзланмасин. Дин билан муомаласи бир-бирини йиқитишга ҳаракат қилаётган икки кишининг муомаласи каби бўлмасин, дегани. Яъни, унда ҳаддан ошмасин, ўртачаликдан чиқиб кетмасин. Ибн Тийн: “Бундан мурод ибодатларда мукаммалликни исташни ман этиш эмас, балки малолланишга олиб борувчи ҳаддан ошишдан қайтаришдир”, деган.
“Тўғри амал қилинг”, деганларидан “ҳаддан ошиш билан сусткашликнинг ўртасидаги ўртачаликда давомли бўлинг” маъноси назарда тутилган.
“Яқинлаштиринг”, яъни агар амалларни мукаммал бажара олмасангиз, шунга яқинлаштиришга интилинг.
Кам бўлса ҳам, доимий солиҳ амал қилганларга “хурсанд бўлинг”, дея хушхабар берилмоқда.
“Куннинг охири ва тундаги тетик вақтларингиздан фойдаланинг”, деб Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳга томон сафарни одатдаги сафарга ўхшатганлар. Маълумки, мусофир дам олмасдан йўл босаверса, манзилига етолмайди. Агар дам олиб-дам олиб, тетик вақтларида юриб қолса, манзилига осон етади. Зеро, Аллоҳ таоло ўз Китобида: “Аллоҳ сизларга енгилликни истайди, оғирликни хоҳламайди” (Бақара, 185), дея марҳамат қилган.
Жамшид Шодиев тайёрлади.