Адий ибн Хотам
Асл исми Адий ибн Хотам бўлган бу саҳоба Абу Тариф номи билан ҳам машҳур.
Ҳижрий тўққизинчи йилда Табук атрофида яшайдиган Той қабиласига сафар уюштирилди. Қабила раиси Адий ибн Хотам саҳобаларни кўриб, қочиб қолди. Асир олинганлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келтирилди. У зот Адийни чақириб келиш учун асирлар орасидаги синглисини жўнатдилар.
Адий ибн Хотам авваллари Рим ва Форс ҳукмдорлари ҳузурида бўлган, уларнинг қўпол муомалаларини кўрганди. Шу сабабдан бўлса керак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан учрашишга юраги бетламади. Аммо синглисининг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақида айтганлари жасурлик бахш этиб, у зотнинг ҳузурларига боришга қарор қилди.
Шундан кейин бўлган воқеаларни Адий ибн Хотамнинг ўзидан эшитайлик: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам масжидда эканлар. Бордим. Салом бердим.
– Кимсиз? – деб сўрадилар.
– Адий ибн Хотамман, – дедим.
У киши ўринларидан туриб, уйларига таклиф қилдилар. Йўлда кекса аёлни учратдик. У ҳожатманд эканини айтди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам аёлни тинглаб, ҳожатини чиқардилар. Мен у кишига қараб туриб “Бу одам подшоҳ эмас!” деб ўйладим. Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мени уйларига олиб бордилар. Ичига жун тўлдирилган кўрпача ёзиб:
– Бу ёққа ўтиринг, – дедилар.
“Сиз ўтиринг”, десам, яна “Ўтиринг”, дедилар. Мен кўрпачага, у зот ерга ўтирдик. Ичимдан “Худо ҳаққи, подшоҳ бундай қилмайди. Бу инсон подшоҳ эмас, карами кенг зот”, деган ўй ўтди.
– Адий ибн Хотам, мусулмон бўлинг. Омон қоласиз, – дедилар.
– Менинг ўз диним бор, – деб жавоб қилдим.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Динингизни сиздан яхшироқ биламан. Рақусийя динидасиз-а? Қабила ғаниматининг тўртдан бирини ўзингизга оласиз. Бу сизнинг динингда ҳалол эмас”, деб айтдилар. Кейин сўзларида бундай давом этдилар:
– Сизни Исломга киришдан тўсаётган нарса нима? “Ла илаҳа иллаллоҳ”дан нима узоқлаштиряпти? Аллоҳдан бошқа худо борми? Нега бўйин товлаяпсиз? Аллоҳдан ҳам буюкроқ (зот) борми?
Бунчалар истараси иссиқ, ширинсухан инсон ёлғончи бўлиши мумкин эмас эди. Дарҳол шаҳодат калимасини айтиб мусулмон бўлдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам муборак юзларида табассум билан: “Ўзларига азоб тилаб олганлар – яҳудийлар, адашганлар – насронийлар”, дедилар”.
Шундай қилиб, Адий мусулмон бўлгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг тавсиялари билан қабиласи ва қўшни қабилаларни Исломга чорлаш, уларнинг закотларини тўплашга масъул қилинди. Барча қабиладошларининг Исломга киришларига сабабчи бўлди. Ислом тарихида қавмидан закот тўплаган илк шахс Адий ибн Хотамдир.
Вадо ҳажида ҳам қатнашди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг вафотларидан кейин, Абу Бакр розияллоҳу анҳу даврларида кўпчилик диндан қайтиб, ёппасига Исломдан чиқиш бошланганда, Адий қабиласига насиҳат қилиб, уларни бундай муртадликдан қайтарди. Той қабиласи Исломда қолди.
Адий ибн Хотам Куфа қурилгач, янги шаҳарга кўчиб ўтди. Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу даврларида Бағдодга кетиб, хазинани назорат қилди. Жамал ва Сиффин жангларида Али каррамаллоҳу важҳаҳунинг тарафларида бўлди. Ҳазрати Алидан кейин яна Куфага қайтиб, ҳижрий 69 йилда 120 ёшда вафот этди.
У киши олтмиш олтита ҳадис ривоят қилган бўлиб, баъзилари Бухорий ва Муслимнинг “Саҳиҳ”ларига киритилган.
Аллоҳ у зотдан рози бўлсин!
Жасурбек Шоакбар ўғли тайёрлади.