Васваса шайтондандир
Васваса нима? Асли, асоси бўлмаган, ҳақиқатга алоқаси йўқ, одамни ёмон, фойдасиз хаёлларга, ишларга бошлайдиган ваҳима, шубҳа, иккиланиш ва эҳтимоллар. У бизни назорат остига олади, энг хунуги, динда жоиз бўлмаган ҳаракатларга йўналтиради.
Бунда энг биринчи билишимиз керак бўлгани – бизда рўй
бераётган ҳолатнинг васвасалигини, шайтон йўлдан адаштириш учун уринаётганини
англаш. Чунки иблис ожизлигимиздан фойдаланиб, бизни тушкунликка тушириш,
қўрқитиш, орамизни бузиш, ақидавий масалаларда шубҳалантиришни хоҳлайди.
Одамзотни жаҳаннамий қилишдек катта мақсадига етишни истайди.
Бинобарин, Аллоҳ таолонинг “Одамга сажда қил” деган амрини
бажармагани учун ҳузури илоҳийдан қувилди. Ўз гуноҳида ҳам Аллоҳни, ҳам инсонни
айблади ва деди: “...Эй Раббим! Қасамки, энди мени йўлдан оздирганинг сабабли,
албатта, уларга (Одам болаларига) ердаги (барча гуноҳ ишларни) чиройли кўрсатиб
қўюрман ва албатта, уларнинг ҳаммаларини йўлдан оздирурман! Илло уларнинг
орасидаги ихлосли бандаларинггина (бундан мустаснодир)” (Ҳижр, 39–40).
Бу душманликнинг илк самараси ҳазрат Одам ва ҳазрат Ҳаввога
тақиқланган мевани едирганида кўринди. Одам алайҳиссалом ва завжаси хатоларини
тезда тушуниб, пушаймонлик ва кўзёши ила тавба қилишди; Ҳақ таолодан афв
сўрашди.
Худди шу ўринда шайтон билан ҳазрат Одам ўртасидаги фарқ
яққол кўзга ташланади. Гуноҳни қилиб қўйиб, саркашлик билан айбдор излаган
иблис ўч олиш пайига тушди. Ҳазрат Одам ва ҳазрат Ҳавво эса ўз вақтида
айбларини бўйинларига олиб, Аллоҳнинг раҳмат ва мағфиратига сиғинишди.
Бугун ҳам одам ўша, шайтон ҳам... Ҳануз тўрт ёнимиздан
яқинлашиб, қалбимизга гоҳ ўтмиш, гоҳ келажак билан хавотир солади. Баъзан
савобимизни катта қилиб кўрсатиш билан чалғитса, баъзан гуноҳлармизи
кечирилмаслиги ҳақидаги ваҳималар билан исёнга ундайди.
Расулуллоҳ айтганларидек, қон томирларимизда юрадиган шайтон
заиф томонларимизни жуда яхши билади. Шундай экан, ҳушёр бўлмасак, бизни
истаган томонига бошлайди.
Бир куни ишхонага телефон бўлди, мени сўрашди. Ўзим тенги
аёл: “Шу даражада ёмон аҳволдаманки, ҳатто Аллоҳнинг сифатлари борасида ножоиз
ўйлар миямга келяпти. Агар уларни борича айтсам, сизниям онгингизга ўрнашиб
қолишидан қўрқаман”, деб йиғлаб юборди. Худонинг ҳикматини қарангки, ўша
кунлари ўзим ҳам қаттиқ ваҳимада қолган, бир кун олдин Шайх Муҳаммад Содиқ
Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳнинг Мисрдаги таҳсил давомида васвасага тушганлари ва
бундан қандай қутулганлари ҳақидаги хотираларини ўқиб, тинчланиб тургандим.
Шуларни ва ўзимда бўлган ҳолатларни ҳам яширмай айтиб бердим. “Сизда ҳам
шундай-шундай бўладими? Мана бундай фикрлар хаёлингизга келадими?” дедим. Аёл
олдин ҳайратланди, айтганларимни тасдиқлади, кейин айтди: “Демак, бу ҳолга
тушган битта мен эмас эканман-да! Бунақа ўйларни мияга олиб келадиган иблис
экан-да!”
Ўша аёл айтгандай, васвасага учиб, гуноҳга қолишдан
қутулишнинг энг биринчи йўли – унинг шайтондан эканини билиш ва дарҳол
Аллоҳнинг паноҳига сиғинишдир: “Аъузу биллаҳи минаш-шайтонир рожийм...”
Зумрад Фозилжон қизи