Янгилик борми?
– Янгилик борми?
– Йўқ... бўп қолар...
Биз жуда болажон халқмиз. Фарзанд тарбияси қадрият
даражасида. Қайсидир оилада фарзанд туғилса, қувонамиз. Бир инсон кўпайганига
шукур қиламиз. Аллоҳнинг бу неъмати оила мустаҳкамлиги, масъулиятини оширади.
Келин олган пайтларимиз эди. Ҳали бир-икки ой ўтдими-йўқми,
қўшнилар келинингизда янгилик борми, деб сўради. Билмасам дедим. Сал кўнглим
ғашланди. Бировнинг янгилигини
туғилганда била қоларсилар, дегим келди. Нега бунча ўчлик бор янги келинларнинг
ўзгаришига?
Яқинда узатилган қариндошим нолиб қолди, ҳамма янгилик
ҳақида сўравериб кўз очирмайди. Узоқ йиллар фарзанд кўрмаган аёлларга қанчалар
қийин бўлганини ҳис қиляпман. Беш ой ичида шунча сиқилдим, деди. Яна бир келин
бир йил олдин фарзанди ўлик туғилгани учун даволаниш жараёнида экан. Шундан ҳам
сўроқлашар экан. Бечора...
Турмушда, ҳаётда ҳар хил ҳолатлар бўлади. Бир янгамиз анча
йил фарзанд кўрмаган эди. Одамларнинг сўравергани қалбига наштар бўлиб санчилар
экан. Бир куни отамга “Ўғлингизни бошқага уйлантиринг, фарзандли бўлса бўлди”, деб йиғлади. Отам
раҳматли чўрткесар одам эди. “Аллоҳ ўғлимнинг пешонасига фарзанд ёзган бўлса,
бир куни беради, сабр қилинглар”, деди. Янгам кетма-кет ўғиллар туғди, воягаям
етди. Биз у гапларни унутдик.
Бир куни катта корхонада ҳамшира бўлиб ишлайдиган опам
қўнғироқ қилиб қолди. Бир ҳамкасби ёши каттароқ қиз даволаниш жараёнида дорилар
сабаб бироз семирибди. Ўша қизга бир куни қайсидир аёл “Сиз ўғил кўрсангиз
керак, юзингиздан семирдингиз”, депти. Опам бу аёлни имлаб чақириб, ўша қизнинг
кўнглини оғритдингиз, у турмушга чиқмаган, кечирим сўранг, депти. Афсуски,
дилхиралик давом этибди. Одамлар бунча кузатувчан? Бировнинг семириб-озганию,
кўйлаги кенгайганигача муҳокама қилса-я. Ҳамма дунёни ўз қаричи билан ўлчайди,
дедим опамга.
Ишхонамизга жуда самимий дилбар талаба қиз амалиётга келди.
Янги келин экан. Бошқа талабалардан эртароқ кетишга, уйига шошилишга ҳаракат
қиларди. Бир куни кайфиятсиз келди. Сабабини сўрасам, овсини тушганингизга уч
ой бўлди, янгилик йўқми, оиланинг катталари сўрашди, депти.. Оила катталари
болажон бўлса, керак, фарзандимизнинг боласини эркалатиб катта қилайлик, деб
шошилаётгандир, деб келинчакни овутдим. Аммо ичимда нимадир исён қилди. Уч ой
бўптию энди, уч йил, ўн йил кутганлар қанча. Аллоҳ бермаса, тортиб олмайди-ку.
Бир куни келин олганига бир йил бўлган аёл синглисидан
ранжиди. “Опа, яхши клиника бор экан, ўша жойда чет эллик шифокорлар ЭКУ
амалиёти олиб борар экан”, дебди. Сингилнинг нияти ёмон бўлмаган. Опасининг
уйида чақалоқ кўргиси келган. Аммо ёш келин-куёв бир-икки йилда оилага
мослашади. Шу даврда уларни сунъий фарзанд кўришга чорлаш нимаси? Агар фарзанд
кўриш дуоси ёки обдон текширадиган шифохона тавсия қилса ҳам, бунча ранжимас
эдим, дейди опа.
Онам раҳмали доим фарзандталабларга фарзанд бер, деб дуо
қиларди. Ўзи опа-акалари эрта оламдан ўтиб ёлғиз қиз бўлгани учунми, кўп
бўлишимизни орзу қилган экан. Ўн битта туғиб, тўққизтамизга эга бўлди. Отам
билан ўқитиб, элга қўшди. Дуоларининг маънисини вояга етиб тушундим. Фарзанд
кутаётганларга ҳар бир куннинг ўтиши азоб экан.
Узоқ йиллар олдин шамоллаб касалхонада даволанганимда
хонадош шеригим кечалари узоқ йиғлаб чиқар, ҳол сўрасам, ўзим, деб қўя қоларди.
Бир куни ўтқазиб олиб, одам эзилиб йиғлаверса, касал зўрайишини, тузалиш
кечикишини тушунтирдим. Камгап бўлгани билан ақлли жувон экан. Фарзандсизликдан
даволанаётган экан. Ҳамма таҳлиллари яхши чиқибди. Аммо қайнонаси фақат келинни
айблар экан. Куёв билан бирга топшириладиган таҳлиллар ва бирга қабул қиладиган
дориларга рухсат йўқ эмиш. Ўша куни аёлини йўқлаб келган куёвга шифокор билан
келишиб, насиҳат қилдик. Онасидан ўтиб бир иш қилмайдиган эркак аёлини яхши
кўрар, нуқсон ўзида эканини билар экан. У ёғи шифокор нима деди, билмадим.
Эр-хотин бирга кетди. Менда доим аёллар айбдор, деган хулоса қолди.
Ўнта бўлса, ўрни бўлак, дейди ўзбек. Боланинг бегонаси йўқ,
деб яхши кўради. Фарзанд – уйнинг чироғи, кўз нури, деб алқайди. Шунинг учунми,
бошқаларнинг ҳам оиласида кўпайиш бўлишини истайди. Баъзан дилидаги тилига
чиқиб кетади “Янгилик борми?” деб қўяди. Бунда ҳеч қандай ёмон ният йўқ. Аммо
жавоб бергучининг кўнгли бор. Янгилик йўқ бўлса, оғрийди қалб. Сўрагучи
бир-иккита бўлса, майли. Жуда кўп бўлса, чандиқ тушади юракка.
Бировнинг ички ишини Аллоҳга қўйиб берайлик. Қўлимиздан
келса, дуо қилиб қўяйлик. Янгилик бўлса, кўпайганида эшитармиз.
Манзура ШАМС