Яшаш рухсатномаси муддатининг узайтирилмаслиги, янги келганларга рухсат берилмаслиги, уй ва ижара нархлари кескин ортиб кетгани сабабли ўн минглаб чет элликлар Туркияни тарк этмоқда, дея ёзди Posta нашри.

Хусусан, Антальяга хорижликлар оқими шаҳарнинг кўплаб ҳудудларида, айниқса уй-жойлар нархларининг кескин ошишига сабаб бўлди. Қайд этилишича, бу ортишлар нафақат чет элликларнинг асосий қисмини ташкил этувчи рус ва украинлар, балки маҳаллий аҳолига ҳам таъсирини кўрсатган. Натижада ҳукуматга нисбатан норозилик кучайди ва ортидан расмийлар уй ва ижара нархлари ошишини тўхтатиш мақсадида 10 та маҳаллада чет элликларга яшаш гувоҳномаларини беришни, бошқа маҳаллаларда ҳам яшаш гувоҳномаси муддати тугаганларга узайтиришни тўхтатди.

Натижада хорижликлар бошқа мамлакатларга, асосан БАА ва Серияга кўчиб кетишни бошлади.

Коняалтидаги Eduant халқаро рус мактаби эгаси Виктор Биккеневнинг нашрга маълум қилишича, урушдан кейин Россияда ҳарбийликка ёллаш бошланганидан кейин ҳаддан ташқари кўп иммиграция бўлганини айтиб, ҳозир эса бунинг акси бўлаётганини таъкидлади.

«Одамлар кетишга мажбур. Уларнинг аксарияти Дубайга йўл олишмоқда. Уларнинг айтишича, Дубайда бундай муаммо йўқ экан. Европанинг баъзи мамлакатларида ҳам ҳеч қандай муаммо йўқ. Масалан, Сербия уларни қабул қилмоқда. У ерда хоҳлаганча қолиб, иш топиши мумкин. Хорватияда ҳам худди шундай. Баъзи мамлакатлар русларнинг келишини яхши деб билишади. Чунки улар билан маълум миқдорда пул олиб келиши мумкин. Руслар Таиланд, Бали ва Малдив оролларига ҳам боришмоқда», ‑ деди у.

Биккенев руслар кетиши билан нархлар ҳам пасайганини қайд этди. “Кўчмас мулк агенти билан учрашамиз, савдо йўқ. Антальяда денгиз соҳилидаги уй нархи Маями билан бир хил ёки қимматроқ. Дубайдаги Бурж Халифа ёнидаги уйни дўстим зўрға 1 миллион долларга сотди. Анталья нархлари 1 миллион доллардан бошланади. Шундай қилиб, нархлар ғайритабиий даражада ошди. Ҳозир бунинг акси, бирорта ҳам уй сотилмаяпти, нархи тушяпти. Миграция бошқармаси яшаш учун рухсатнома бермаса, одамларнинг қиладиган иши қолмайди”, деди у.

Антальяда асосан хорижликларга уй-жой сотиш устида ишлаган кўчмас мулк агенти Зеҳра Арслан уй‑жой нархларида 50 фоизгача пасайиш кузатилгани, ўртача пасайиш 15‑25 фоизни ташкил этаётганини маълум қилди. 

Маълумот учун, 2022 йилда Туркияда яшаш рухсатига эга 1 миллион 823 минг 836 нафар хорижлик бўлса, 2023 йилда бу рақам 1 миллион 570 минг 672 кишига тушди. Йил давомида Туркияда яшаш рухсати бекор қилинган хорижликлар сони 253 164 кишини ташкил этди.

Чет эллик аҳолиси энг кўп қисқарган шаҳар Истанбул бўлди – 137 162 киши.

Туркия Миграция хизмати бош бошқармаси маълумотларига кўра, 2023 йил 31 декабрь ҳолатига кўра, Туркияда яшаш учун рухсатномага эга бўлган хорижликлар сони 1 миллион 107 минг 32 кишини ташкил этади.

Яшаш рухсати билан хорижликларни жойлаштириш рейтингида Истанбул Туркия шаҳарлари орасида биринчи ўринни эгаллади. Унга кўра, Истанбулда 556 578 нафар хорижлик рўйхатга олинган.

Анталия Туркияда яшаш рухсатига эга хорижликлар сони бўйича Истанбулдан кейин иккинчи ўринни эгаллади. Анталияда яшаш рухсатига эга хорижликлар сони 117 052 кишини ташкил этди.

Кейинги тартибда Анқарада 70 098, Бурсада 51 537, Мерсинда 43 944, Измирда 25 576 ва Муғлада 20 453 хорижлик истиқомат қилади.

Туркманистон фуқаролари Туркияда яшаш учун рухсатномага эга бўлган хорижликлар орасида биринчи ўринда туради. Туркияда яшаш учун рухсатнома билан яшаётган Туркманистон фуқаролари сони 109 039 кишини ташкил этмоқда.

Туркияда яшаш рухсатига эга Туркманистон фуқароларидан кейин 100 847 Россия, 91 117 нафар Ироқ, 79 779 нафар Сурия, 79 505 нафар Эрон, 67 621 нафар Озарбайжон, 52 065 нафар Ўзбекистон, 43 006 нафар Қозоғистон, 41 978 нафар Афғонистон, 36 982 нафар Украина, 405 минг бошқа мамлакатлар фуқаролари мавжуд.

Мавзуга алоқадор