Россия Мудофаа вазирлиги Украинанинг Донецк вилоятидаги Гродовка қишлоғи назоратга олинганини маълум қилди.

"Марказий қўшинлар гуруҳи бўлинмаларининг қатъий ҳаракатлари натижасида Донецк Халқ Республикасининг Гродовка аҳоли пункти озод қилинди", дейилади Россия Мудофаа вазирлигининг "махсус ҳарбий операция" нинг бориши ҳақидаги ҳисоботида.

Ўтган ҳафтада Россия Мудофаа вазирлиги Украина армияси назоратида бўлган Угледар шаҳри, сўнгра Украинанинг Донецк вилоятидаги Желанне иккинчи аҳоли пункти назоратга олингани ҳақида хабар берган эди.

Украина қўшинлари Россия армиясини оғир жангларда имкон қадар чарчатиш мақсадида секин-аста Донбасс шаҳарларидан чекинмоқда, бироқ бу тактика муваффақиятли бўладими ё йўқ — ҳозирча номаълум, деб ёзди New York Times Киевнинг ҳарбий стратегияси таҳлилида.

Аввалроқ РФ ташқи ишлар вазирлиги Сергей Лавров Американинг Newsweek журналига берган интервьюсида Россиянинг Украина билан боғлиқ можарони ҳал қилиш бўйича позицияси ўзгаришсиз қолаётгани, Украина нейтрал, блокларга қўшилмаган ва ядросиз мақомга қайтиши кераклигини таъкидлади.

"Бизнинг позициямиз яхши маълум ва ўзгаришсиз қолмоқда. Россия сиёсий ва дипломатик ечимга очиқ. У инқирознинг асосий сабабларини бартараф этиши керак. Шу билан бирга, биз сулҳ ҳақида эмас, балки можарога барҳам бериш ҳақида гапиришимиз керак. Ғарб қурол етказиб беришни, Киев эса ҳарбий амалиётларни тўхтатиши керак. Украина нейтрал, блокларга қўшилмаган ва ядро қуролидан холи мақомга қайтиши, рус тилини ҳимоя қилиши, барча фуқароларининг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳурмат қилиши керак”, — деди Сергей Лавров.

Мавзуга алоқадор