Мўғулистонда қишда озиқ-овқат етишмаслигидан 180 минг бош чорва нобуд бўлди. Бу ҳақда Синьхуа Мўғулистон бош вазири ўринбосари ва фавқулодда вазиятлар бўйича давлат комиссияси раҳбари Саинбуянгиин Амарсаиханга таяниб хабар берди.

Унинг сўзларига кўра, қаҳратон қишни минимал зарар билан енгиб ўтиш учун ҳукумат барча мўғулистонлик кўчманчи чорвадорларга давлат захираларидан чорва учун озуқа сотиб олишда 50 фоизлик чегирма беришда давом этмоқда.

“21 вилоят ва Улан-Баторнинг учта чекка ҳудудига жами 9 миллион 182,4 минг тонна чорва озуқаси етказиб берилди”, — деди бош вазир ўринбосари.

Мўғулистон метеорология ва атроф-муҳит мониторинги институти маълумотларига кўра, ҳозирда мамлакатнинг 90 фоизга яқин ҳудуди қор билан қопланган.

Қайд этиш жоизки, Мўғулистон яйлов чорвачилиги ривожланган кенг ҳудудга эга. Бироқ Мўғулистон чорвачилик саноати қишда экстремал об-ҳаво шароитларига дуч келади. Чорва моллари қор ва муз қопламалари остидан озуқа топишга қийналади. Натижада уларнинг катта қисми очлик ва совуқдан нобуд бўлади.

Маълумот учун, 2023 йил охирида Мўғулистон рекорд даражада – 80,4 минг тонна гўшт экспорт қилди. Хитой, Қозоғистон, Ўзбекистон, БАА ва Эрон асосий истеъмолчилар ҳисобланади. Мўғулистон Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2023 йил охирига келиб мамлакатда 64,7 миллион бош чорва моллари мавжуд.

Мавзуга алоқадор