Япония Соғлиқни сақлаш, меҳнат ва фаровонлик вазирлиги мамлакатда кексалар сони ортиб бораётгани ҳақидаги статистик маълумотларни эълон қилди.

Унга кўра, 100 ёшдан ошган аҳоли сони кетма-кет 54 йилдан буён ортиб бораётгани қайд этилди. Сентябрь ойи ҳолатига кўра, мамлакатда 100 ёшдан ошган аҳоли сони 95 119 нафарни ташкил этди.

Мамлакатда “бир аср яшаганлар” сони мамлакат тарихида биринчи марта 95 мингдан ошди. Ўтган йилги маълумотларга нисбатан бу рақам 2 980 нафарга кўпайган. 100 ёшдан ошганларнинг 83 958 нафарини аёллар, 11 161 нафарини эркаклар ташкил этган.

Вазирлик матбуот котиби бу борадаги баёнотида "Кексаларнинг жамоаларида қулай яшашларини давом эттиришлари учун тиббий ва ҳамширалик хизматини ўз ичига олган ижтимоий таъминот хизматларини оширишга ҳаракат қиламиз", деди.

Японияда "бир асрдан ортиқ умр кўрганлар" ҳақидаги аҳоли маълумотларини биринчи марта 1963 йилда эълон қилинган.

Тахминан 125 миллион аҳолига эга Япония ўзининг узоқ умр кўриши билан машҳур. Энг кекса одам 116 ёшли Итоока Томико ҳам Японияда истиқомат қилади.

Аввалроқ Япониянинг умумий аҳолиси кетма-кет 15 йилдан бери қисқариб келаётгани, бир йил ичида ярим миллиондан ортиқ кишига камайгани ҳақида хабар берган эдик. Жумладан, ўтган йили Японияда туғилиш кўрсаткичи 730 мингни, ўлимлар сони эса 1,58 миллионтани ташкил этган. Шунингдек, мамлакатда аҳоли ёши тобора кексайиб бормоқда. 

Мавзуга алоқадор