Исроил Марказий банкининг собиқ бош директори Леуми Ракефет Русак Аминоах Ғазо секторидаги уруш Исроил иқтисодиётига қандай зарар етказаётгани ҳақида гапирди.

"Уруш аллақачон Исроил иқтисодиётига 250 миллиард шекелдан (67,3 миллиард доллар) кўпроқ зарар келтирди ва мудофаа вазирлиги ҳар йили камида 20 миллиард шекел (5,39 миллиард доллар) сарфланишини хоҳлайди", деди Аминоах Исроилнинг 12-каналига.

"Тақсимот анча катта, бизда эвакуация қилинганлар, ярадорлар ва кўплаб иқтисодий эҳтиёжлар бор, улар ҳатто уруш харажатларига ҳам кирмайди", - дея қўшимча қилди у.

Исроил банкининг собиқ раҳбари Яаков Френкель мамлакат бюджети тақчиллиги июль ойида 8,1 фоизга етганини айтиб, камомад билан курашиш энг долзарб ва муҳим вазифа эканини қайд этди.

“Исроил 2023 йилни дефицитсиз бошлади ва шундан бери вазият ёмонлашди. Июль ойи охирига келиб, дефицит 8,1 фоизга ёки тахминан 155 миллиард шекелга (41,8 миллиард доллар) етди. Буни қоплаш керак”, - деди у.

Дисконт банк собиқ бош директори Ури Левин, ўз навбатида, Исроил халқаро инвесторлар ишончини қайтармасдан туриб, ўз иқтисодиётини тиклай олмаслигини таъкидлади.

Аввалроқ Fitch Ratings халқаро рейтинг агентлиги Исроилнинг хорижий валютадаги узоқ муддатли дефолт рейтингини А+ дан А га туширганди. Рейтингнинг пасайиши “Ғазодаги урушнинг давом этиши, ортиб бораётган геосиёсий хавфлар ва кўплаб жабҳаларда ҳарбий амалиётлар таъсирини” акс эттиргани айтилади.

"Инсоний харажатлардан ташқари, бу [Ғазо уруши] сезиларли қўшимча ҳарбий харажатларга, инфратузилманинг вайрон бўлишига ҳамда иқтисодий фаолият ва инвестициялар учун узоқ давом этадиган зарарга олиб келиши мумкин, бу эса Исроилнинг кредит профилининг янада ёмонлашишига олиб келиши мумкин", дейилади Fitch Ratings ҳисоботида.

“Давлат молияси зарар кўрди ва биз 2024 йилда ялпи ички маҳсулотнинг 7,8 фоизини ташкил этадиган бюджет тақчиллигини прогноз қилмоқдамиз, қарз эса ўрта муддатли истиқболда ЯИМнинг 70 фоизидан юқори бўлади. Бундан ташқари, Жаҳон банкининг бошқарув кўрсаткичлари ёмонлашиши мумкин, бу эса Исроилнинг кредит қобилиятига таъсир қилади”, — дейилади агентлик баёнотида.

Fitch прогнозларига кўра, қарзнинг ЯИМга нисбати 2025 йилда 72 фоизга кўтарилади, бу 2020 йилда коронавирус пандемияси даврида қайд этилган 71 фоиздан юқори.

Fitch Исроилнинг Ғазо секторига ҳужумлари бошланганидан бери Исроилнинг кредит рейтингини пасайтирган учта рейтинг агентлигининг охиргиси ҳисобланади. Шундай қилиб, Moody’s мамлакатнинг кредит рейтингини А1 дан А2 га, Standard & Poor's  эса АА- дан А+ га туширганди.

Мавзуга алоқадор