Эрон Покистон ва Афғонистон билан шарқий чегараларида девор қуришни бошлади. Эроннинг Tabnak портали хабарига кўра, лойиҳадан мақсад ёқилғи, озиқ-овқат ва дори воситалари контрабандаси ҳамда ноқонуний миграцияга қарши курашишдан иборат. Девор баландлиги 4 метр, узунлиги қарийб 300 километрни ташкил қилади.

Эрон чегара полицияси қўмондони Аҳмад Али Ғодарзийнинг маълум қилишича, жанубий Систон ва Балужистон вилоятлари ҳамда Разавий Хуросонда қурилиш ишлари аллақачон бошланган, деб хабар беради IRNA давлат ахборот агентлиги. Ҳарбий етакчи, шунингдек, кейинги босқичда мамлакат ғарбида – Илам, Курдистон ва Ғарбий Озарбайжон вилоятларидаги чегаралар ҳам мустаҳкамланишини таъкидлади.

Годарзи Афғонистон ва Покистон билан чегарада хавфсизликни таъминлашни лойиҳанинг асосий устувор йўналиши деб атади. Унинг таъкидлашича, Эронга гиёҳванд моддалар савдосининг қарийб 80 фоизи ушбу давлатлар орқали амалга оширилади, бу эса ушбу ҳудудларни хавфсизлик нуқтаи назаридан энг заиф ҳолга келтиради.

Девор қурилиши давлат томонидан молиялаштирилади, ҳозирда асосий ҳаракатлар қурилиш майдончаларини жиҳозлашга қаратилган.

Айни вақтда, 2021 йил бошида Эрон Афғонистон билан чегарада ҳам худди шундай девор қуришни бошлаганди. Икки давлат чегарасининг умумий узунлиги 900 км дан ортиқ бўлса-да, ўшанда деворнинг 60 км га яқини қурилган.

ФЭрон тўсиқлар қурилиши ҳақида илк бор жорий йилнинг январь ойида, Кермон ва Систон-Балужистондаги шов-шувли терактлардан сўнг гапирган эди. Ўшанда Теҳрон расмийлари қўшни Покистон ва Афғонистондан террорчи гуруҳларнинг кириб келишига йўл қўймаслик учун тўсиқ қурмоқчи эканликларини қайд этганди.

Шу билан бирга, минтақавий ОАВ бу ташаббус афғон расмийлари билан қарама-қаршиликларга сабаб бўлганини таъкидламоқда – улар чегарани фақат томонларнинг ўзаро розилиги билан ёпиш мумкинлигини даъво қилмоқда. Афғонистон раҳбарияти қурилиш бошланганда Эрон Кобулнинг фикрини сўрамаганини билдирганди.

Девор қурилиши жараёнида Эрон ва Афғонистон ўртасида Ҳилманд дарёсининг сув ресурслари масаласи бўйича ҳам музокаралар давом этмоқда – девор қурилиши сув йўлидан фойдаланишга ва дарёнинг ҳар икки томонида сувдан фойдаланишга қандай таъсир қилиши номаълум.

Мавзуга алоқадор