Халқаро ҳамжамият эндиликда Ер экосистемаси оғир ҳарбий ишғолларга бардош бера олмаслигини ниҳоят англаб етмоқда. Улар бу ҳақиқатни 7 октябрдан бери Ғазода содир бўлиб келаётган даҳшатли портлашлардан сўнг тушунишди. Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳаракатининг "Ишғол қилинган ерда адолат йўқ", шиорида ҳам шу маъно мужассам.

Муттасил ҳарбий зўравонликларга гувоҳ бўлаётган одамлар бомбалар ва ракеталар Ер ва ундаги ҳаётни қанчалик издан чиқаришини яхши билишади.

Масалан, яқинда Римда Доимий халқлар трибунали (ДХТ) юрисдикциясида бўлиб ўтган "Ғарбий Папуадаги экологик зўравонлик" бўйича тингловда Индонезиянинг етмиш йилдан ортиқ давом этган ҳарбий ишғоли сайёрамиздаги энг йирик биологик хилма-хилликка эга ўрмонлардан бирининг аста-секин йўқолишига сабаб бўлгани ҳақида гапирилди.

Ғарбий Папуа дунёдаги энг йирик мис ва олтин конларидан бирига эгалик қилади. Ҳудудда суюлтирилган табиий газ заводи ҳам жойлашган. Қолаверса, Ғарбий Папуа Индонезиядаги пальма ёғи ва биоёқилғи плантациялари энг тез ривожланаётган манзил ҳисобланади. Бу ҳарбий ишғол остидаги саноат тармоқларининг барчаси ўзидан зарарли чиқиндиларни қолдиради.

Шу боис ҳам Римдаги йиғилишда таниқли папуалик адвокат Ян Кристиан Варинусси шаҳардагилар юзлашаётган азоб-уқубатлар ва минтақанинг табиий ресурсларидан фойдаланиш ўртасидаги боғлиқлик ҳақида гапирди. Атиги бир ҳафта ўтгач, у номаълум шахс томонидан отиб кетилди ва яраланди. ДХТ котибияти ҳужум адвокат "минтақанинг ҳимоясиз аҳолиси ҳамда атроф-муҳитга қарши содир этилган ўтмишдаги ва ҳозирги зўравонлик"ни тасвирлаб берганидан кейин содир бўлганини таъкидлади. Варинуссига нисбатан суиқасд ҳарбий ишғол ва экологик зўравонликнинг чамбарчас боғлиқлигини яна бир бор тасдиқлади.

Умуман олганда, дунё бўйлаб ҳарбийлар глобал иссиқхона газлари чиқиндиларининг йиллик 5,5 фоизига сабабчидир - бу авиация ва юк ташиш саноатиникидан ҳам кўпроқ. Яқинда Лондондаги Қиролича Мэри университети ходимлари Ғазодаги сўнгги қирғиннинг дастлабки 120 кунидаги вайроналар 26 та давлатнинг йиллик чиқиндиларидан кўпроқ, деган хулосага келишди.

Аммо бу даҳшатли статистика ҳам ишғолчиларнинг ҳарбий зўравонлик оқибатида юзага келаётган экологик фожиани англашларига етарли бўлмаяпти. Уруш ва ишғолнинг иқлимга таъсири шунчаки ён таъсир ёки афсусланарли оқибат эмас. Масалан, Ғазода содир бўлаётган воқеаларни шунчаки икки хил айро оқибатлар сифатида тушунмаслик керак: бир томондан одамларнинг ўлдирилиши, иккинчи томондан атроф-муҳитга таъсирлар. Аслида, одамлар ва табиат ажралмас ҳисобланади. Ғазодаги геноцид (қирғин) экоцид (экологик қирғин) ҳамдир.

Вьетнам урушида Америка босқинчилари заҳарли кимёвий моддалардан фойдаланиш орқали қишлоқ хўжалигига зарар етказиш, шу тариқа одамларни ўз ерларидан ҳайдаб чиқариб, уларни "стратегик қишлоқлар"га қувишни кўзлаган эди. Ветконг томонидан бошпана сифатида фойдаланилган ўрмонлар ҳам АҚШ ҳарбийлари томонидан аҳолининг қаршилик кўрсатиш қобилиятини пасайтириш учун кесилиб, йўқ қилинган. Халқаро ҳуқуқшунос ва урушга қаршилик фаоли Ричард Фалк бу ҳолатни тасвирлаш учун "экоцид" иборасини ўйлаб топганди.

Бу кўплаб ҳарбий операцияларга хосдир: ишғочилар тактик жиҳатдан маҳаллий аҳолининг барқарор яшаши, сув ва озиқ-овқат таъминотини узиш учун мазкур қора усулдан фойдаланишган .

2014 йилдан бери Исроил босқинчилари Фаластин уйларини ва бошқа муҳим инфратузилмаларни бузиб ташлаш учун кимёвий қуроллардан ҳам фойдаланади. Исроил ҳарбийлари томонидан ҳаводан пуркалган гербицидлар Ғазодаги экин майдонларини бутунлай йўқ қилди. Бошқача қилиб айтганда, Ғазо 7 октябрдан анча олдин Вьетнамда амалга оширилган "экоцид"га дуч келди.

Тадқиқотчиларнинг айтишича, Ғазодаги қишлоқ хўжалиги ерлари ва боғларининг камида 50 фоизи ҳозирда бутунлай йўқ қилинган. Кўплаб қадимий зайтунзорлар вайрон қилинган. Экин майдонлари танклар, тракторлар ва бошқа транспорт воситалари ёрдамида тамоман текисланган. Кенг кўламли ҳаво ҳужумлари Ғазо секторининг иссиқхона ишлаб чиқариш қувватларини яроқсиз ҳолга келтирган. Энг ёмони буларнинг барчаси ваҳшийларча, онгли равишда амалга оширилмоқда.

Сув таъминоти ва санитария иншоотларининг бутунлай вайрон қилиниши ва Ғазо секторида очарчиликнинг давом этаётгани ҳам шунчаки оқибатлар эмас, балки урушда оддий аҳолига нисбатан қасддан қўлланилаётган ёвуз тактикадир. Исроил ҳарбийлари оддий аҳолининг очлиги ва сувга муҳтожлигидан қурол сифатида фойдаланмоқда. Албатта, бу ҳолат ҳеч бир фаластинлик ёки Ғарбий Соҳил учун янгилик эмас. Исроил узоқ йиллар давомида ўз ишғолини давом эттириш, фаластинликларни ўз ерларидан ҳайдаб солиш ва яҳудийларнинг ноқонуний аҳоли пунктларини қуриш учун ушбу усуллардан фойдаланиб келмоқда.

Сионистларнинг фаластинликларга етказадиган зарари бевосита сайёрамизга етказадиган узоқ муддатли зарари демакдир. Шу сабабли, Ғазодаги ёки бошқа бирон бир жойдаги геноцидни экоциддан ажратиш мумкин эмас. Ҳозир инсон азоб-уқубатларига чек қўйиш ва келажакда иқлим фалокатининг олдини олишдан манфаатдор ҳар бир киши барча босқинчилик урушлари ва зулмларнинг бошида турганларга қарши чиқиши керак.

Дэвид Уайт, Лондон Қиролича Мэри университетининг Иқлим адолати бўйича профессори;

Самира Ҳомеранг Саундерс, Лондон Қиролича Мэри университетининг Иқлим жиноятлари ва иқлим адолати маркази илмий ходими.

 

Мавзуга алоқадор