Бангладешнинг собиқ бош вазири Шайх Ҳасинага нисбатан Даккада яшовчи фуқаронинг ўлими бўйича жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Dhaka Tribune нашри хабар берди.

Жанубий Осиё республикасининг собиқ ҳукумат раҳбари 19 июль куни Дакканинг Муҳаммадпур туманида бандлик квотасига қарши намойишлар чоғида отиб ўлдирилган озиқ-овқат дўкони эгаси Абу Сайидни ўлдиришда айбланмоқда. Нашрнинг қайд этишича, Сайид полиция томонидан отишма натижасида вафот этган. Дакка судига Муҳаммадпурда истиқомат қилувчи Амир Шатил номидан маҳаллий тадбиркорнинг ўлдирилиши бўйича даъво аризаси берилди.

Ишда Шайх Ҳасинадан ташқари бошқа айбланувчилар ҳукмрон Авами лигаси партияси собиқ бош котиби Обайдул Куадер, собиқ ички ишлар вазири Асадуззамон Хон Камол, полиция собиқ бош инспектори Чоудхури Абдулла Ал Мамун ва бошқа юқори мартабали полиция ходимлари ҳам бор.

Бангладеш Жиноят кодексига кўра, қотиллик учун энг оғир жазо умрбод қамоқ ёки ўлим жазосини ўз ичига олади.

Эслатиб ўтамиз, 5 август куни Шайх Ҳасина истеъфога чиқиб, мамлакатни тарк этди. Унга ва унинг ҳукуматига қарши намойишлар июль ойи бошида мустақиллик учун курашганларнинг оилаларига давлат хизматига ишга олиш учун квота ажратиш тўғрисидаги қарори ортидан бошланиб кетган эди. Ушбу намойишларда 600 га яқин фуқаро ҳалок бўлди, 11 мингдан зиёд намойишчилар қамоққа олинди.

Ҳозирда республикада Тинчлик учун Нобел мукофоти совриндори Муҳаммад Юнус бошчилигидаги муваққат ҳукумат тузилган. У 8 август куни қасамёд келтирди.

Мавзуга алоқадор