АҚШ Вакиллар палатаси спикери Майк Жонсон Украина, Исроил ва Тайванга ёрдам ажратиш, шунингдек, "миллий хавфсизликнинг устувор масалаларини" ўз ичига олган режа лойиҳасини эълон қилди. Ушбу режа лойиҳаси тўртта алоҳида овоз беришлар орқали кўриб чиқилади. 
Режанинг Украина қисмида ёрдам грантлар кўринишида эмас, балки кредит шаклида тақдим этилади, дея хабар бермоқда The Hill.
Майк Жонсон ўз таклифини Республикачилар партиясининг ёпиқ анжуманида тақдим этди. Учрашув бир неча ойлик кечикишлар ва мунозаралардан сўнг душанба куни Капитолий ертўласида бўлиб ўтган.  
Айрим консерватив қонунчилар режада Украинага қўшимча ёрдам кўрсатиш шарти сифатида АҚШнинг Мексика билан чегарасидаги хавфсизликни яхшилаш назарда тутилмаганидан шикоят қилмоқда.
Барча жиҳатларни битта пакетга жамлаган 95 миллиард долларлик ташқи ёрдам тўғрисидаги қонун лойиҳасини таклиф қилган Сенат ёндашувидан фарқли ўлароқ, Жонсон ҳар бир соҳада алоҳида овоз бериш ғоясини илгари сурди: Украина, Исроил, Тайван ва миллий хавфсизлик устуворликлари.
Миллий хавфсизлик тўғрисидаги тўртинчи қонун лойиҳаси Украинага ёрдамни молиялаштиришга инновацион ёндашувларни ўз ичига олади. У мусодара қилинган Россия активларидан ёрдамни тўлаш учун фойдаланишга чақиради, шунингдек, ушбу ёрдамнинг бир қисмини кредитлар шаклида тақдим этишни таклиф қилади.  
Бундан ташқари, қонун лойиҳасига Исроилга қарши сўнгги ҳужумларга жавобан Эронга қарши янги санкциялар ҳам киритилган.

Мавзуга алоқадор