17 май куни Шавкат Мирзиёев ва расмий ташриф билан Ўзбекистонга келган Малайзия бош вазири Анвар Иброҳим икки мамлакат делегациялари иштирокида музокара ўтказди. Бу ҳақда Президент матбуот хизматига таяниб, Gazeta.uz хабар берди.

Томонлар икки давлат ўртасидаги дўстлик ва кўп қиррали шериклик муносабатларини кенгайтириш масалаларини кўриб чиқди. Ўзбекистон раҳбари сўнгги 16 йилда илк бор ўтказилаётган ушбу олий даражадаги ташриф икки томонлама муносабатлар тарихида янги давр очаётганини таъкидлади.

«Малайзия нафақат Жануби-Шарқий Осиё минтақасида, балки жаҳон миқёсида катта салоҳиятга эга бўлган, жадал ўсиб бораётган давлатдир. Мамлакатингиз билан алоқаларни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш асосий мақсадимиз ҳисобланади», — деб таъкидлади у.

Музокараларда сиёсий мулоқот ва парламентлараро алоқаларни мустаҳкамлаш, халқаро ташкилотлар доирасида ўзаро қўллаб-қувватлашни давом эттириш, гуманитар ва таълим дастурларини амалга ошириш, туризм ва маданий алмашинувни фаоллаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Савдо-иқтисодий ва инвестиция соҳаларида амалий ҳамкорлик масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Хабарда таъкидланишича, ўтган йил якуни бўйича товар айирбошлаш ҳажми икки баравардан зиёдга ўсган, қўшма корхоналар сони ортиб бормоқда, Тошкент ва Куала-Лумпур ўртасидаги авиарейслар кўпаймоқда.

Давлатлар ўзаро савдо ҳажмининг келгусида ҳам ўсишини таъминлаш ва кўрсаткичларини мувозанатлаштириш, йирик қўшма лойиҳаларни амалга оширишни режалаштирмоқда.

Ташриф доирасида ўтказиладиган Ўзбекистон-Малайзия бизнес форуми якунлари инвестициявий шерикликни кенгайтиришга, инновациялар, саноат, «яшил» энергетика, нефть-кимё, электр техникаси ва электроника, фармацевтика ва бошқа соҳаларда етакчи компаниялар кооперациясига хизмат қилишига ишонч билдирилди.

Шавкат Мирзиёев мамлакат Ўзбекистон-Малайзия саноат зонасини ташкил этишга тайёр эканини билдирди.

Қишлоқ хўжалигида, жумладан, сувни тежаш технологияларини жорий этиш, мева-сабзавот маҳсулотларини етиштириш ва қайта ишлаш, «Ҳалол» стандартлари бўйича сертификатлаштириш масалалари бўйича ҳамкорлик истиқболлари кўриб чиқилди.

 Ахборот технологиялари, камбағалликни қисқартириш ва транспорт боғлиқлигини кенгайтириш соҳасидаги шериклик масалалари муҳокама қилинди.

Савдо-иқтисодий ҳамкорлик кун тартибини тизимли кенгайтириш мақсадида амалдаги Савдо бўйича қўшма қўмитани Ҳукуматлараро комиссияга айлантириш ва унинг биринчи йиғилишини жорий йилда ўтказиш зарурлиги таъкидланди.

Маданий-гуманитар алмашинувни фаоллаштиришга қатъий интилиш билдирилди.

Кадрларни тайёрлаш ва малакасини ошириш, энергетика, ислом молияси, экология, сунъий интеллект, туризм соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш, соғлиқни сақлаш соҳасида илмий-амалий алоқаларни мустаҳкамлаш муҳимлиги таъкидланди.

Малайзиялик сайёҳларнинг Ўзбекистонга оқими тез суръатларда ўсиб бораётгани қайд этилди. «Зиёрат туризми бўйича қўшма дастурларни амалга ошириш, шу жумладан, „Умра плюс“ лойиҳасини илгари суриш ҳамда ёшларимиз ўртасида мулоқотни мустаҳкамлаш чоралари муҳокама қилинди», — дейилади хабарда.

Етакчилар Марказий ва Жануби-Шарқий Осиёдаги минтақавий ҳамкорликнинг долзарб жиҳатлари ҳамда Афғонистон масаласи юзасидан ҳам фикр алмашди. БМТ, Ислом ҳамкорлик ташкилоти ва Қўшилмаслик ҳаракати доирасида ўзаро қўллаб-қувватлашни давом эттириш муҳимлиги таъкидланди.

«Марказий Осиё + АСЕАН» форматида ташқи ишлар вазирлари мулоқотини тузиш таклифини кўриб чиқиш ташаббуси билдирилди.

Музокаралар якунлари бўйича Ўзбекистон президенти ва Малайзия бош вазири Кўп қиррали ҳамкорликни чуқурлаштириш тўғрисидаги қўшма баёнотни имзолади.

Мавзуга алоқадор