Феҳреттин Алтун.

Туркия президенти ҳузуридаги Коммуникация бошқармаси бошлиғи Фаҳреттин Алтун Исроил Х ижтимоий тармоғида ишғол остидаги Фаластин заминида содир этаётган уруш жиноятларини яшириш ва ҳаспўшлаш учун турли ёлғон, дезинформация ва бўҳтонларни ишга солаётганини қоралаб, бу борада Туркиянинг тутган йўлига тўхталди. Қуйида унинг фикрларини тўлиқ ҳолда эътиборингизга ҳавола этамиз.

"Нетаняху яна ўз жиноятларини ҳаспўшлаш учун мамлакатимизга айблар ёғдирмоқда. Унинг бегуноҳ инсонларга қилган тарихий қирғинларини яшира оладиган ҳеч қандай ёлғон, дезинформация ва бўҳтон мавжуд эмас. Тарих уни бу минтақа учун ҳам, ўз мамлакати учун ҳам энг ҳалокатли раҳбар сифатида баҳолаб бўлди.

Ўз юрти, тинчлик ва фаровонлик йўлида барча нарсани, жумладан, ўз жонини ҳам фидо қиладиган раҳбарлар бор. Улар ўз фуқароларининг турмушини яхшилаш, қўшнилар билан яхши муносабатларни йўлга қўйиш йўлида кечаю кундуз меҳнат қиладилар. Улар глобал ишларда ҳақиқат ва адолат тарафдори бўлишади, зеро зиммаларидаги тарихий бурчни яхши англайдилар. Президентимиз Эрдўған мана шундай раҳбарлардан. Биз Туркия ватандошлари сифатида бундай раҳбарга эга эканлигимиздан фахрланамиз.

Шу билан бирга, ўз ғаразли сиёсий мақсадлари йўлида умуминсоний қадриятлар ва одоб-ахлоқни қурбон қиладиганлар ҳам мавжуд. Улар ўзлари ишғол этган ҳудудларда ҳаминқадар кун кечираётган кишиларни йўқ қилиш режаларини ўйлаб топиш учун кечаю кундуз тиним билишмайди. Улар мудом ўз қўшниларида беқарорлик, можаро ва урушларни келтириб чиқариш билан шуғулланишади. Улар мунтазам равишда адолатсизлик қилишади, чунки ўзларидан бошқаларнинг фаровонлиги ҳақида қайғурмайдилар. Нетаняху ўз мамлакатига иснод келтирган шундай лидерлардан биридир.

Нетаняхунинг қотил уруш ҳукумати глобал кучлар томонидан қанчалик кўп қўллаб-қувватламасин, у бу минтақада тинчлик ва барқарорлик умидларини йўққа чиқарган, бутунлай муваффақиятсизликка юз тутган лидер сифатида тарихда қолажак. Унга энди бу ҳақиқатни ўзгартириш учун ҳеч қандай сиёсат ва ҳийла ёрдам бера олмайди.

Нетаняху ва унинг ҳукумати олиб бораётган этник тозалаш натижасида фаластинликлар неҳад жабр тортди ва азоб чекишда давом этмоқда. Биз эса қўлимиздаги бор кучимиз билан унинг сиёсатига қарши курашишда давом этамиз. Унинг ёлғонлари, алдовлари, найрангли айбловлари ва мавзуни ўзгартиришга бўлган уринишлари бизни сира чўчитмайди.

Биз — Туркия сифатида президентимиз Эрдоған бошчилигида Фаластинда ҳақиқат, адолат ва мустақиллик ўрнатилиши тарафдори бўлиб қоламиз. Биз адолатли ва якуний резолюция учун ҳаракат қиламиз. Биз резолюцияни икки давлат учун ечим деб ҳисоблаймиз. Ва биз фаластинлик биродарлар ва опа-сингилларимиз билан мукаммал тарзда ҳамжиҳат бўлишда давом этамиз".

Мавзуга алоқадор