Афғонистоннинг Тожикистон, Ўзбекистон ва Туркманистон билан чегаралари сув тошқини туфайли ноаниқ бўлиб қолган ва улар қайта белгиланиб чиқилади. Бу ҳақда Толибон ҳукумати энергетика ва сув ресурслари вазири вазифасини бажарувчи Абдул Латиф Мансур маълум қилди, дея хабар бермоқда TOLOnews.

“Тожикистон, Ўзбекистон ва Туркманистон билан чегараларимиз сув тошқинлари туфайли ювилиб кетди. Биз аввалги чегараларни белгилаш бўйича муҳим ишларни амалга оширмоқдамиз ва 20 кун аввал олий етакчимиз билан бу масалани муҳокама қилган эдик”, — деди Мансур.

Мансурнинг сўзларига кўра, Ҳайбатуллоҳ Охундзода кўрсатмаси билан тузилган бу режа бир қанча вазирликлар, жумладан, Ички ишлар, Ташқи ишлар, Мудофаа вазирлиги ва Разведка Бош бошқармаси иштирокида амалга оширилади. Бироқ вазир стратегия тафсилотларини ошкор қилмади.

“Бизнинг ҳеч бир ҳаракатимиз қўшниларимизга зарар етказиш ниятида эмас. Биз қўшнилар зарарига ўзимизнинг ҳақ улушимиздан кўп сув ишлатмадик ва бундай қилиш ниятимиз ҳам йўқ”, — деди Афғонистон Энергетика вазирлигининг катта маслаҳатчиси Фарук Аъзам.

Афғонистон билан Тожикистон, Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги чегара Амударё бўйлаб, Тожикистон билан эса Панж дарёси бўйлаб ўтади ва у Вахш билан қўшилиб, Амударёни ҳосил қилади. Тожикистон билан чегара узунлиги 1344 км.

Афғонистонда ҳокимият тепасига келгандан сўнг Толибон Амударёдан бошланиб, шимолий учта вилоят – Фарёб, Балх ва Жузжон ерларини сув билан таъминлайдиган Қўштепа ирригация канали қурилишини бошлади. Бу режалар Амударё сувининг салмоқли қисмини эгаллаган Ўзбекистон ва Туркманистонда хавотир уйғотмоқда. Бироқ афғон ҳукумати трансчегаравий дарё оқимидан аввал фойдаланмаган улуш ҳуқуқини таъкидламоқда.

Мавзуга алоқадор