Ўзбекистон ФВВ

1 сентябрь куни Сурхондарё вилояти Бойсун туманидаги конда олтингугурт гази чиқиши кузатилди, деб хабар берди Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги.

Қайд этилишича, соат 15:17 да туманнинг «Кўлқамиш» МФЙ ҳудудида жойлашган «Мустақилликнинг 25 йиллиги» (М-25) конига қарашли 604-сонли қудуғида бурғулаш ишлари олиб борилаётганида технологик жараённинг бузилиши сабабли олтингугурт (водород сулфид) гази чиқиши кузатилган.

«Аҳоли хавфсизлигини таъминлаш мақсадида кон яқинида яшовчи фуқаролар хавфсиз ҳудудга эвакуация қилинган», дейилади хабарда.

Ижтимоий тармоқларда пайдо бўлган видеоларда тунги вақтда юзлаб одамларнинг ҳаракатланаётганини кўриш мумкин.

ФВВ фуқароларнинг жароҳат олиш ва ҳалок бўлиш ҳолатлари қайд этилмаганини қўшимча қилди.

Сурхондарё вилояти ҳокимлигининг хабар беришича, ҳудудга вилоят раҳбари Улуғбек Қосимов, алоқадор мутасадди ташкилот ва идоралар ҳамда бошқармалар масъуллари етиб борган.

«Фавқулодда ҳолат содир бўлган ҳудудда ҳавонинг ифлосланиш даражасини ўрганиш, келиб чиққан ҳолатларни бартараф этиш бўйича ишлар олиб борилмоқда», — дейилади хабарда

Мавзуга алоқадор