9 сентябрь куни Доҳа шаҳрида Ўзбекистон Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ва Қатарнинг «Таълим ҳар нарсадан устун» (Education above all) фонди ўртасида афғон аёлларини Ўзбекистонда ўқитишни назарда тутувчи меморандум имзоланди, дея хабар бермоқда вазирлик матбуот хизмати.

Қайд этилишича, мазкур келишув доирасида 160 нафар афғон аёлини Ўзбекистон олий таълим муассасаларида тиббиёт йўналишлари бўйича ўқитиши режалаштирилган. Ўқув дастурлари ўзбек тиббиёт мутахассислари томонидан олиб борилади.

Лойиҳага доир харажатларнинг катта қисмини Қатар томони қоплайди. Хусусан, фонд афғон аёлларини ўқитиш, турар жой билан таъминлаш ва бошқа зарур харажатлар учун 2,2 млн доллар миқдорида молиявий ёрдам ажратади.

«Дастур аёлларнинг касбий кўникмаларини оширишга хизмат қилиш билан бирга, уларнинг ўз ватанидаги тиббиёт соҳасига қўшаётган ҳиссасини кучайтиришга ҳам катта таъсир кўрсатади. Меморандумнинг имзоланиши икки давлат ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиб, халқаро таълим ва тиббиёт соҳасидаги муносабатларни янада мустаҳкамлайди», — дейилади хабарда.

Вазирликнинг таъкидлашича, мазкур келишув нафақат Ўзбекистон ва Қатар ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлайди, балки Афғонистондаги аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг таълим олиш имкониятларини кенгайтириш ва келажакда ўзига ишонадиган тиббиёт мутахассислари етишиб чиқишига имкон яратади.

Мавзуга алоқадор