Эквадор президенти Даниэль Нобоа йирик жиноий тўдалар аъзолари томонидан тартибсизликлар уюштирилгани ортидан 9 январь куни мамлакатда 60 кунлик фавқулодда ҳолат эълон қилди. У содир бўлган ҳодисани “ички қуролли можаро” деб атади ва 22 та жиноий тўда террористик ташкилот деб эълон қилинган ҳужжатни имзолади, пойтахт Кито ва Гаякиль шаҳрига ҳарбийлар ҳамда зирҳли техникалар киритилди.

Шунингдек, давлат раҳбари 22 жиноий гуруҳни йўқ қилишни буюрди. Эквадор қуролли кучлари жиноий гуруҳларни қонуний ҳарбий нишонлар деб атади, парламент эса хавфсизлик кучларига тартибсизликларни бостириш чоғида ваколат суиистеъмоли ҳолатлари учун амнистия ваъда қилди.Эквадор мафияси президент томонидан эълон қилинган фавқулодда ҳолатга жавобан бутун мамлакат бўйлаб тартибсизликлар ва тўқнашувлар уюштирди. Жумладан, наркокартел аъзолари Гуаякиль шаҳридаги TC Television телеканали жонли эфирига бостириб кириб, бир қанча журналист ва полициячиларни гаровга олди. Шунингдек, автомобилларга ўт қўйилди, бир қатор шифохоналарга босқинчилик уюштирилди, портлашлар ҳам бўлди. Ҳодисаларда энг камида 13 киши, жумладан, икки полициячи ҳалок бўлди.

Ҳаммаси нимадан бошланди?

“Лос Чонерос” гуруҳи раҳбари Адольфо Масиас 2011 йилда гиёҳванд моддалар савдоси ва қотилликда айбланиб 34 йил муддатга озодликдан маҳрум этилган эди. У 12 минг маҳбус сақланадиган Гуаякилдаги “Минтақавий қамоқхона (La Regional)га жойлаштирилади.

Ўтган йилнинг августида Фито бошқа – камроқ маҳбус бўлган ва ишончлироқ ҳисобланган La Roca қамоқхонасига ўтказилади. Бироқ унинг адвокатлари апелляцияга бериб, ютиб чиқади ва мафиоз La Regional қамоқхонасига қайтарилади.

Фито 2013 йилда ҳам 17 нафар маҳбус билан биргаликда ушбу қамоқхонадан қочган. Орадан тўрт ой ўтиб Фито “Лос Чонерос” аъзоси ҳисобланган акаси билан Манта шаҳридаги онасининг уйида қўлга олинади.

Ўшандан буён Фито қамоқхонани тарк этгани йўқ. Шу билан бирга, у қамоқхонадалигида, 2020 йилда гуруҳнинг аввалги етакчиси Хорхе Луис Самбрано ўлимидан кейин раҳбарликни қўлга олади.

7 январь куни мамлакат Бош прокуратураси Адольфо Масиас қамоқхонадан қочиб кетганидан сўнг Эквадорнинг 6 та жазони ижро этиш муассасасида тартибсизликлар бошлангани ҳақида хабар берди.

Фито қаерда?

Эквадор полициясининг маълум қилишича, Фитонинг ўз камерасида йўқлиги якшанба куни аниқланган. Ходимлар уни қамоқхонанинг қаттиқ ҳимояланган қаноти бўйлаб қидиришган, бироқ топа олишмаган.

Фито қочиб кетганми ёки катта қамоқхона мажмуаси ичида яширинганми, ҳозирча аниқ эмас. Полиция, шунингдек, Фито камерадан аниқ қачон ғойиб бўлганини ҳам билмайди.

Полиция бошлиғининг сўзларига кўра, юзлаб полициячилар Фитони қидирган ва қидирмоқда.

“Лос Чонерос” ва “Лос Лобос” гуруҳлари ҳақида

Қамохоналардаги тартибсизликлар вақтида мамлакатдаги иккинчи йирик жиноий тўда – “Лос Лобос” раҳбари, «Сальвахе» лақабли Фабрисио Колон Пико ҳам 39 нафар маҳбус билан Риобамба шаҳридаги ҳибсхонадан қочиб кетди. Фабрисио Колон Пико ўтган ҳафта жума куни мамлакат прокурорини ўлдиришда тайёргарлик кўришда айбланиб қамалган эди.

“Лос Чонерос” ва “Лос Лобос” гуруҳлари мамлакатдаги энг йирик жиноий тўдалар бўлиб, биринчи гуруҳ аъзолари сони 12 дан 20 минг нафаргачани ташкил этади, иккинчисида эса 8 минг жангари бор. Ҳар икки гуруҳ ҳам одам ўғирлаш, товламачилик, буюртма қотиллик билан шуғулланади, Мексиканинг йирик жиноий тўдалари билан ҳамкорлик қилади.  

Фото: Фернандо Вильявисенсио

"Лос-Лобос", шунингдек, 2023 йил августида президентликка номзод Фернандо Вильявисенсио ўлими учун жавобгарликни зиммасига олган эди.

2023 йилнинг май ойи маълумотларига кўра, Адольфо Масиас фронт шахслар ва фронт компаниялари ҳисобларида 23 миллион доллардан ортиқ маблағга эга.

Бандитимз тўлқини

Эквадор узоқ вақт давомида тинч ва сокин мамлакатлардан бири бўлиб келган. Бироқ сўнгги йилларда ушбу мамлакатда ҳам қўшни Колумбия ва Перу сингари гиёҳвандлик моддаларини ишлаб чиқиш авж олди.

2018 йилдан 2022 йилгача Эквадорда қотилликлар сони 4 бараварга ошди. 2022 йилда 17 млн аҳолига эга мамлакатда 7800 киши ҳалок бўлган. Ўша йили полиция рекорд даражадаги 220 тонна гиёҳванд моддаларни мусодара қилди.

Қамоқхоналардаги қонли тўқнашувлар алоҳида муаммога айланди: 2021 йил февралидан буён 460 дан ортиқ маҳбус ўлдирилган.

Financial Times нашрининг қайд этишича, мафия Эквадорда 2007-2017 йилларда ҳукмронлик қилган сўл президент Рафаэл Корреа даврида ривожлана бошлаган. Унинг даврида ҳукумат Тинч океанидаги Эквадор портлари орқали гиёҳванд моддалар савдосига кўз юмиб, асосан мамлакатда зўравонлик жиноятлари камроқ бўлишини таъминлаш ҳақида қайғурган.

Аммо гиёҳванд моддалар савдосини бандитизм кузатиб борди ва Корреадан кейинги президентлар ушбу муаммони ҳал қилишнинг уддасидан чиқа олмай қолди.

Ўтган йилнинг октябрь ойида президентлик сайловида ғалаба қозонган 36 ёшли Даниэль Нобоа мамлакатни қамраб олган жиноятчиликларга барҳам беришни ваъда қилмоқда. Айнан унинг режалари жиноий тўдаларнинг мамлакатда кимнинг сўзи устун экани борасидаги “баҳс”га киришишига сабабчи бўлди.

Мавзуга алоқадор