АҚШ маъмурияти вакиллари Эрон президенти Иброҳим Раисий бортида бўлган вертолёт ҳалокатидан кейинги дастлабки соатларда қидирув-қутқарув операцияси ва Теҳроннинг жавоб чораларини диққат билан кузатди, деб ёзди Politico.

Маъмурият ҳалокат Яқин Шарқдаги вазиятни қандай ўзгартириши ва Эрон ҳалокатда ким айбдор бўлиши мумкинлиги ҳақида саволлар берди, дея маълум қилган нашрга уч нафар юқори мартабали амалдор. Айримлар Теҳрон ҳалокатга АҚШ ва Исроилнинг алоқадорлигини даъво қилиши мумкин, хусусан, Вашингтон ва Тел-Авив вертолётни масофадан ўчириб қўйган бўлиши мумкин, деб тахмин қилмоқда. Суҳбатдошлар учинчи жаҳон уруши шундай бошланади, деган фикрни илгари сурди.

Шу билан бирга, Politico’нинг қайд этишича, дастлабки разведка маълумотларига кўра, ҳалокатга ёмон об-ҳаводан бошқа нарса сабаб бўлиши мумкин эмас. Аввалроқ АҚШ Сенатидаги Демократик кўпчилик етакчиси Чак Шумер ҳам разведка маълумотларига таяниб, бу ерда "нопок ўйин" ҳақида ҳеч қандай далил йўқлигини айтганди.

“Эроннинг шимоли-ғарбий қисмида вертолёт ҳалокатга учраган жойда жуда ёмон, туманли об-ҳаво бўлган. Демак, бу бахтсиз ҳодиса бўлганга ўхшайди, лекин иш ҳали тергов остида”, — деди у.

Бироқ Жо Байден маъмурияти Теҳрон Исроил билан муносабатларнинг кескинлашувига олиб келадиган “катта айбловлар” қилиши мумкинлигидан чўчийди, деб ёзади Politico.

Давлат департаменти матбуот котиби Метю Миллернинг фикрича, Эрон ҳукумати "45 йиллик вертолётнинг ёмон об-ҳаво шароитида парвоз қилиши учун жавобгардир". AP агентлигининг таъкидлашича, Эрон ҳаво кучлари техникалари асосан 1979 йилдаги Ислом инқилобидан олдин олиб келинган ва халқаро санкциялар улар учун эҳтиёт қисмларни харид қилишни қийинлаштиради.

Мавзуга алоқадор