Ўтган йилнинг 7 октябригача Исроил режими иккита таянчга эга эди: ҳарбий куч ва халқаро ҳомийлар. 7 октябрдан сўнг унинг ҳарбий кучи йўқ қилинди, унда фақат халқаро ҳомийларгина қолди. Албатта, Ғарб оммавий ахборот воситаларида ҲАМАСнинг муваффақияти даҳшатли воқеа сифатида ёритилди. Чиндан сионистлар ва уларнинг ҳамкорлари учун 7 октябрь ларзага солувчи воқеа бўлди, аммо бу босқинчиларнинг барча озодлик ҳаракатларини “терроризм” деб ҳисоблашини тасдиқлади. ҲАМАС учун чекланган мақсадлар билан бошланган ушбу воқеа Фаластин инқилобининг якуний босқичига айланди: жараён геноцид ва апартеид режимига қарши умуммиллий озодлик ҳаракатига айланиб кетди.

Фаластин ҳақидаги афсоналар фақатгина кучли тарғиботнинг натижаси эмас; бу инглиз-америкаликларнинг мустамлакачиликни тугатиш бўйича халқаро ҳуқуқни ва зулм остидагиларнинг қаршилик кўрсатиш ҳуқуқини ҳам тан олмасликдан келиб чиқади. Бироқ бундай адолатсизликлар иккиюзламачилик орқали хаспўшланди. Вашингтон Ливия ва Суриядаги мутлақо сохта “инқилоблар”га ҳарбий ёрдам кўрсатишга ошиқди-ю, аммо негадир  Яман ва Фаластиндаги ҳақиқий инқилобларни бостириш учун қўлидан келганича ҳаракат қилмоқда.

Ирландиядаги 1916 йилги Пасха қўзғолони сингари, 7 октябрь ҳужумлари кутилмаган эди, аммо тез орада бостирилди. Қаршилик ҳаракати томонида катта қурбонлар бўлди ва тинч аҳолига нисбатан даҳшатли жазо чоралари қўлланилди. Бироқ Ирландия қўзғолони каби, у виждонларни уйғотди ва кенг кўламли озодлик урушини алангалатди.

1. Қўзғолон

Ғазо операцияси “Ал-Ақсо тўфони” деб номланди – бу исроилликларнинг Қуддусдаги ал-Ақсо масжидига кетма-кет бостириб киришига ишора бўлиб, бундан мусулмонларнинг “ерлари, муқаддас жойлари, Ал-Ақсо масжиди ва ҳибсда сақланаётган мазлумларни озод этиш” кўзланганди. ҲАМАСнинг ҳарбий қаноти ал-Қассам бошчилигида бир нечта Фаластин қаршилик гуруҳлари коалицияси (хусусан, ал-Қудс бригадалари ва Фатаҳнинг ал-Ақсо шаҳидлар бригадалари) ташкил этилди ва уларнинг кўпчилиги 2024 йилгача Исроил кучларига қарши қуролли ҳужумларда фаол иштирок этди.

2023 йил 7 октябрь тонгида ҲАМАС бошчилигидаги коалиция ишғол остидаги Фаластин жанубига минглаб ракеталар билан ҳужум қилди. Жангчилар бульдозерлар, моторли қайиқлар, мотоцикллар ва ҳатто бир моторли дельтапланлар ёрдамида тўсиқларни ёриб ўтишди. Фаластинлик жангчилар Бейт Ханун чегараси, Зиким базаси ва Реймдаги Ғазо бўлинмаси штаб-квартирасидаги камида учта ҳарбий базага киришди. Улар ҳарбийларга енгил қуроллар билан ҳужум қилиб, Исроил ҳарбий хизматчилари ва фуқароларини асир олишди.

Исроилликлар бостириб киришни ва гаровга олишни тўхтатиш учун эрталабги соат ўнлар атрофида чегара ҳудудларини бомбардимон қила бошладилар. Шундан сўнг дарҳол Ғазо секторини кенг кўламли бомбардимон қилиш бошланди. Ҳужум гўёки қуролли гуруҳларни бостириш учун амалга оширилгани айтилса-да, аслида бу ҳаракатлар бутун Ғазо аҳолисини жазолаш мақсадида амалга оширилганди. Тинч аҳолининг қатлиом қилиниши, ҳатто баъзи Ғарб оммавий ахборот воситаларида ҳам геноцид сифатида баҳоланди.

Афсуски, 7 октябрь кунидаги фаластинлик қурбонлар ҳақида ҳеч қандай расмий маълумот йўқ. Биз фақат Исроил манбаларига таяндик. Бу биз учун ҳақиқий муаммо, чунки Исроил режими ёлғон ва цензурага асосланади. У ўз манфаатларини кўзлаб, айниқса “хавфсизлик операциялари” ҳақида нотўғри маълумотлар тарқатишдан ҳам уялмайди.

Шунингдек, биз Исроил контекстида “фуқаролар” деб аталаётганлар ҳақида бир нарсани эътиборга олишимиз керак: деярли барча вояга етган исроиллик ҳарбий захирада хизмат қилади. Яҳудий кўчманчиларининг аксарияти кучли қуроллантирилган.

Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, Исроил манбаларига кўра, 7 октябрь куни 360 дан 441 нафаргача хавфсизлик кучлари (аскарлар ва полиция ходимлари) ҳалок бўлган, яна камида 346 нафари Исроилнинг Ғазо секторидаги кейинги ҳужуми пайтида ўлдирилган. Худди шу манбаларга кўра, 700 дан 800 нафаргача “тинч аҳоли вакили” ҳалок бўлган, яна 251 нафар “оддий аҳоли” ва аскарлар асирга олинган. Қаршилик ҳаракати ушбу асирларни ("гаровга олинганлар") Исроил қамоқхоналарида сақланаётган минглаб фаластинликларга алмаштирмоқчи эди. Жами 1139 нафар исроиллик ҳалок бўлгани айтилди.

1973 йилги урушдан бери Исроил ҳарбийларига бундай кенг кўламли зарба берилмаганди. 2023 йилгача “Исроил-Ғазо можароси”да ҳалок бўлганлар сони бир неча минг фаластинлик, асосан тинч аҳоли ва бир неча ўнлаб исроиллик, асосан ҳарбийлардан иборат эди.

Бироқ 7 октябрь воқеалари Исроил режими, ҳарбийлари ва биринчи ёрдам кўрсатувчилар томонидан бўрттириб талқин қилинди. Улар мусиқа фестивалида “40 нафар боши кесилган чақалоқ”, оммавий зўрлаш ва ёшларнинг ўлдирилишига гувоҳ бўлганликларини даъво қилишди.

Бу учта тўқиб чиқарилган афсона мустақил далиллар, жумладан Исроилнинг ўз эътирофлари билан рад этилди: 

● Кўплаб оммавий ахборот воситалари ҲАМАС томонидан исроиллик чақалоқларнинг боши кесилганига оид даъволарни рад этди, аммо Президент Жо Байден бу чақалоқларнинг суратларини кўрганини такрорлашдан чарчамади. Times газетаси эса "Исроил майиб чақалоқлар суратларини эълон қилди" сарлавҳасини ишлатди. Шу билан бирга, 2024 йилга қадар исроиллик аскарларнинг ёш болаларни атайлаб нишонга олгани ҳужжатлаштирилган. Оқ уй Байденнинг боши кесилган болаларнинг суратларини кўргани ҳақидаги нотўғри ёки уялмасдан айтилган гапларини “қайтариб олишга" мажбур бўлди.

● Оммавий зўрлаш – BBC ва The Guardian нашрлари томонидан такрорланган ушбу даъволарга қарамай, Исроил ҳукумати бирон-бир аниқ зўрлаш қурбонлари аниқланганини айтмади, шунингдек, бу даъволарни тасдиқловчи видео ёки суд-тиббиёт таҳлилларини тақдим этмади. "Times оf Israel" газетаси Зака биринчи ёрдам кўрсатувчиларининг "рад этилган маълумотлари" ҲАМАСнинг "оммавий зўрлаш" ҳақидаги умумий ҳикоясига "шубҳа уйғотгани"дан норозилик билдирди.

Бироқ, Ғазода исроиллик аскарларнинг фаластинлик аёлларни зўрлаши ва ўлдириши, шунингдек, исроилликларнинг эркак фаластинлик маҳбусларни зўрлаши ошкор бўлди. Аммо бу жиноятлар баъзи Исроил оммавий ахборот воситалари томонидан оқлаб чиқилди.

● Мусиқа фестивалидаги тинч аҳолини қирғин қилиш ҲАМАС жангчиларига қарши энг асосий айблов эди. Улар чиндан ҳам баъзи катта ёшли "фуқаролар"ни ўлдириб, асирга олган. Бироқ, Исроил армияси Ганнибал кўрсатмасига биноан (аскарларнинг асирга олинишига йўл қўймаслик учун тенгсиз куч ишлатишни назарда тутади) қаршилик жангчилари кириб борган учта ҳарбий объектга ҳужум қилди. Исроил самолётлари қочиб кетаётган 70 та транспорт воситасини йўқ қилди. Исроиллик танк қўмондони “гаровга олиш” пайтида Биэри киббуцига ўқ узилганини тан олди. Кўпгина нашрлар 7 октябрь куни Исроил фуқароларининг ўлдирилишига асосан Исроил ҳарбийлари айбдор деган хулосага келишди. Бу ўлимлар "Ганнибал кўрсатмаси" бўйича "ўз кучларининг ўқи" туфайли юз бергани айтилади.

Хуллас, болаларни ўлдириш, зўрлаш ва тинч аҳолини қатл этиш ҳақидаги даъволар кўп ўтмай Исроил кучларининг ўзи томонидан содир этилгани фош бўлди. ҲАМАС бошчилигидаги қўзғолон Ғазо гарнизонининг катта қисмини йўқ қилиш, бутун ҳарбий ва разведка тизимини руҳий тушкунликка тушириш ва 200 дан ортиқ асирни қўлга олиш сингари натижалар билан якунланди.

2023 йил охирида аёллар ва болаларнинг дастлабки алмашинувига қарамай, Исроилнинг Ғазодаги қирғинни тўхтатишдан бош тортиши кенг кўламли асирлар алмашинуви истиқболига путур етказди.

Исроилнинг машҳур разведкаси муваффақиятсизлигидан шубҳаланганлар орасида буларнинг барчаси ортида сионист режими (хусусан, Нетаняху) турибди, деган назария пайдо бўлди. Чунки у ўтмишда ҲАМАСга баъзи имкониятлар бериб, Фаластиндаги исломий кучлар ва дунёвийлик тарафдорлари орасида низо уруғини сочган эди. Уларнинг фикрича, 7 октябрдаги ҳужумлар сохта байроқ операциясининг бир қисми бўлган. Лекин ҲАМАС аллақачон бошқа қаршилик гуруҳлари ва фаластинликлар ҳурриятини истовчи давлатлар билан алоқа ўрнатган эди. Шуни ва Исроил ҳарбийларига етказилган улкан зарарни ҳисобга олсак, 7 октябрь воқеалари сохта байроқ кўтариш эмас, балки ажойиб ҳарбий операция бўлгани ойдинлашади.

2. Қаршилик кўрсатиш ҳуқуқи

1960 йилларда (нафақат давлатнинг, балки) халқнинг ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқини тан олиш, бу ҳуқуқни рад этишга қарши туриш ҳуқуқини ҳам билвосита тан олишга олиб келди. Шунга қарамай, миллий ҳуқуқ тизимлари ҳали ҳам бўлинган ҳолда қолмоқда: қаршилик кўрсатиш ҳуқуқи одатда постколониал ва постфашистик давлатлар томонидан ижобий тан олинса-да, мутлақ ҳокимиятли давлатлар (масалан, Буюк Британия), марказий гегемон куч (АҚШ) ва у бошчилигидаги давлатлар томонидан рад этилади.

Суриялик-америкалик олим ва дипломат Файз Саег 1965 йилда ёзган “Фаластиндаги сионист мустамлакачилиги” мақоласида арабларнинг ҳуқуқлари ва БМТ низомидаги қаршилик кўрсатишнинг яширин ҳуқуқини асослаб, 1917-1948 йилларни “араблар қаршилигининг энг ёрқин даври” деб атаганди. У 1964 йилда мусулмонлар Фаластин озодлик ташкилотини ташкил этиш орқали ташаббусни ўз қўлига олгани ва "ҳимоя қилинмаган ҳуқуқлар йўқотилган ҳуқуқларга айланиши” мумкинкигини таъкидлади. Шубҳасиз, 1966 йилда БМТ Бош Ассамблеяси апартеидни “инсониятга қарши жиноят” деб эълон қилди. 1982  йилда эса БМТ Бош Ассамблеяси “мустамлака ва чет эл ҳукмронлиги остидаги халқларнинг, хусусан Жанубий Африка, Намибия ва босиб олинган Фаластин халқларининг ўз тақдирини ўзи белгилаш ва мустақиллик ҳуқуқини” тасдиқлади ҳамда “халқларнинг барча мавжуд воситалар, жумладан қуролли кураш орқали мустамлакачилар зулмидан озод бўлишга интилиши қонунийлиги”ни эътироф этди.

Ушбу 1982 йилги резолюция, шунингдек, “Фаластин халқининг ўз тақдирини ўзи белгилаш, суверенитет, мустақиллик ва Фаластинга қайтиш бўйича ажралмас ҳуқуқларининг рад этилиши ва Исроилнинг минтақа халқларига қарши такрорий тажовуз ҳаракатлари халқаро тинчлик ва хавфсизликка жиддий таҳдид” эканлигини таъкидлади. 1984 йилда БМТ Хавфсизлик Кенгаши БМТ Бош Ассамблеясининг ушбу қарорларини “Жанубий Африканинг жабр тортган халқларининг оммавий бирлашган қаршилигини маъқуллаган ҳолда” кенг қўллаб-қувватлади.

Шунга қарамай, 1960 йилларнинг бошидан Жанубий Африкадаги апартеидга қарши қуролли курашнинг етакчи кучлари бўлган Нелсон Мандела ва Африка Миллий Конгресси (ANK) 2008 йилгача АҚШнинг “террорчилар” рўйхатида қолди. АҚШ ҳукумати совуқ уруш давомида апартеид режими билан ҳамкорлик қилди ва унга сармоя киритди, уни коммунизмга қарши таянч деб билди. Фақатгина халқ оммаси босими остида 1986 йилда апартеидга қарши қонун қабул қилинди. Бу қонун “ҳукумат Мандела ва барча сиёсий маҳбусларни озод қилишга рози бўлмагунча ва қора танлилар билан “инсофли музокаралар” олиб борилмагунича Жанубий Африкага қарши иқтисодий санкциялар” жорий этди. Вашингтон апартеидга қарши курашга жуда кеч қўшилди.

Худди шундай, Жанубий Африкадаги апартеид режими билан охиригача ҳамкорлик қилган Буюк Британия ҳукумати 1987 йилда, яъни Мандела қамоқдан озод қилинишидан атиги бир йил олдин, Мандела ва Африка миллий конгрессини “террорчилар” деб эълон қилди. Британия ҳам, АҚШ ҳам 1986 йилда апартеид режимига қарши санкциялар тўғрисидаги таклифга вето қўйди. Бошқача айтганда, Британия ва АҚШ Жанубий Африкадаги апартеид масаласида ва унга ичкаридан қаршилик кўрсатган кучларга муносабатда халқаро ҳамжамият билан жиддий келишмовчиликларга эга эди. Британия ва АҚШ доимий равишда мустамлакачилик, оккупация ва апартеидга қаршилик кўрсатиш ҳуқуқини рад этиб келди.

БМТ Бош Ассамблеясининг 1974 йилдаги 3314-сонли резолюцияси (Агрессия таърифи тўғрисида)га кўра, “ўз тақдирини ўзи белгилаш, эркинлик ва мустақиллик ҳуқуқидан маҳрум қилинган ва чет эл истилосига дучор бўлган халқларнинг ушбу мақсад йўлида курашиши ҳамда БМТ низоми тамойилларига мувофиқ ёрдам сўраши ва кўмак олиш ҳуқуқи” тасдиқланган.

1949 йилги Женева конвенцияларининг 1977 йилдаги Қўшимча протоколи эса босиб олинган халқлар учун қаршилик кўрсатишнинг аниқ ҳуқуқларини тасдиқлаган. Бошқа тегишли ҳуқуқий манбалар қаторига БМТ Бош Ассамблеясининг 1965 йилдаги 2105-сонли (Африка мустамлакачиликка қарши курашлари тўғрисида), 1970 йилдаги 2625-сонли (ўз тақдирини ўзи белгилашнинг рад этилишига қаршилик кўрсатиш ҳуқуқи тўғрисидаги одатий ҳуқуқни акс эттирувчи) резолюциялари ва Халқаро суд адолатининг 2004 йилдаги қарори (Исроил девори ҳақида, Халқаро суд ноқонуний босқинчи субъектнинг “ўзини ўзи ҳимоя қилиш” даъволарини рад этган) киради. Бундан ташқари, 1988 йилдан бошлаб, Фаластин ўзини давлат сифатида эълон қилгач ва БМТда миллат сифатида тан олинганидан сўнг, унга БМТ Низомининг 51-моддаси асосида хорижий тажовуздан (яъни исроилликлардан) миллий ўзини ўзи ҳимоя қилиш ҳуқуқи берилди.

Шундай бўлса-да, собиқ мустамлака режимларининг аксарияти "нодавлат акторлар"нинг хорижий тажовуз, оккупация ва апартеидга қарши туриш ҳуқуқини тан олмайди. Гарчи бу ҳуқуқ халқаро ҳуқуқда мустаҳкам ўрин олган ва дунё конституцияларининг тахминан 20 фоизида акс эттирилган бўлса-да, шундай ҳолат кузатилади.

Масалан, АҚШ ўз империясини мустамлакачиликка қарши инқилоб натижасида қурган бўлса-да, қуллик, ички мустамлакачилик ва доимий равишда чет эл ҳудудларини эгаллаш тарихи туфайли эркинлик ғояларини ҳеч қачон изчил қўлламаган. Шундай қилиб, Вашингтон ўзининг гегемон дунёсини аниқ иккиёқлама стандартлар асосида қургани билан Европа империя кучларидан фарқ қиларди. Икки аср муқаддам (1829 йилда) жанубий америкалик озодлик курашчиси Симон Боливар айтганидек, “Қўшма Штатлар тақдири Американи озодлик номи остида азоб-уқубатларга дучор қилиш учун белгиланганга ўхшайди”.

Шунга қарамай, ўз давлатларининг анъаналаридан таъсирланган, аммо мустамлака жиноятчилиги ҳақидаги очиқ-ойдин далилларга дуч келган Ғарб шарҳловчилари кўпинча қўрқоқлик билан “ахлоқий тенглик” даъволарига суянишади. Масалан, улар Фаластин қаршилиги шафқатсиз Исроил ҳарбийлари билан тенг ёки “ҳар икки томон айбдор” каби қарашларни илгари суришади.

Америкалик адвокат Стенли Коэн шундай деб ёзган: “Қаршилик кўрсатиш ҳуқуқидаги “қуролли кураш” атамаси ушбу қарорда аниқ таърифсиз назарда тутилган ва бошқа кўплаб дастлабки қарорлар маҳаллий аҳолининг босқинчини ҳайдаб чиқариш ҳуқуқини қўллаб-қувватлаган. Шимолий Америкадаги собиқ қул ва озодлик фаоли Фредерик Дуглас таъкидлаганидек, курашсиз тараққиёт бўлмайди. Озодлик тарафдори бўлиб, лекин ҳаракатнинг қадрига етмайдиганлар, ер ҳайдамасдан ҳосил олишни истайдиганлар кабидир... Бу кураш ахлоқий ёки жисмоний бўлиши мумкин; ёхуд ҳам ахлоқий, ҳам жисмоний бўлиши мумкин; лекин курашиш шарт. Ҳокимият талабсиз ҳеч нарса бермайди. Ҳеч қачон бундай бўлмаган ва бўлмайди ҳам”.

Канаданинг SJMPE гуруҳи БМТ томонидан белгиланган чегаралар доирасида қаршилик кўрсатиш ҳуқуқини тан олишни ҳужжатлаштиради, айни пайтда Канада давлати (бошқа инглиз-америка дунёси каби) бу ҳуқуқни тан олмаслигини таъкидлайди. Исроил режимининг ҳомийси бўлган Канада ҳатто зўравон бўлмаган Фаластин гуруҳларига, масалан, Бойкот, Дивест ва Санкция ҳаракатига ҳам қарши чиқади ва “Исроилни халқаро ҳуқуқ бузилишлари учун жавобгарликка тортиш бўйича ҳар қандай жиддий чораларни, шу жумладан нодавлат ташкилотларнинг Халқаро жиноий суддан товон талаб қилиш ҳаракатларини қатъий равишда тўсиб қўйган”.

Бутун Инглиз-Америка блоки ва Исроил режимининг Германия ва Франция каби бошқа ҳомийлари халқаро ҳуқуқ ва БМТ тизимига мутлақо зид равишда барча Фаластин қаршилик гуруҳларини тақиқлаган. Шунга қарамай, Исроил ва унинг ҳомийлари томонидан "террорчи" сифатида тақиқланган гуруҳларнинг ҳеч бири (ҲАМАС, Фаластин Ислом жиҳоди, ФХОФ ва бошқалар) БМТ Хавфсизлик Кенгаши томонидан тақиқланмаган. Аксинча, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгашининг Бирлашган рўйхатига асосан, Ливия, Ироқ, Сурия, Ливан ва Яман бўйлаб АҚШнинг сўнгги прокси урушларини қўллаб-қувватлаган ИШИД ва Жабҳат ал-Нусра сохта исломий террористик гуруҳлари ва уларнинг тармоқлари киритилган. Ҳизбуллоҳ каби Фаластин ёки минтақавий қаршилик гуруҳларининг ҳеч бири БМТ Хавфсизлик Кенгаши рўйхатида йўқ. Ушбу қоидадан ягона истисно Яманнинг “Ансоруллоҳ” ҳаракатидир. Гуруҳ 2015 йилдан бери БМТ Хавфсизлик Кенгаши томонидан (сохта баҳоналар билан) санкцияланган.

Ғарбнинг қаршилик кўрсатиш ҳуқуқини ҳурмат қилишдан бош тортиши жиддий оқибатларга олиб келиши мумкин. Масалан, "New York Times" (NYT) – у асосий онлайн қидирув тизими Google ва кенг тарқалган онлайн энциклопедия Википедияда асосий овоз ҳисобланади – фаластинликларга қарши мақолалари билан танилган. Нашр мунтазам равишда Исроилни "демократия" (гарчи "хавф остида" бўлса ҳам) ва Фаластин қаршилик гуруҳларини "террорчилар" деб атайди. Қаршилик гуруҳлари Исроил ҳарбийларини, Исроил эса фаластинлик тинч аҳолини нишонга олган тақдирда ҳам бу ҳолат ўзгармайди. Википедиянинг мантиғи шундаки, ўқувчилар NYT каби "обрўли" иккиламчи манбаларга ишонишлари ва бирламчи манбаларга (яъни асл тадқиқотларга) эътибор бермасликлари керак. Бу мантиққа кўра, дунё жаҳолат ичида сақланади ва халқаро ҳуқуқ тамойилларига хиёнат қилинади.

3. Якунловчи мулоҳазалар

“Ал-Ақсо тўфони” операцияси – ҲАМАС бошчилигидаги Фаластин қаршилик кўрсатиш фракцияларининг мадронавор ташаббуси бўлиб, у кутилганидан ҳам муваффақиятлироқ бўлди. Ушбу ҳужум Исроил босқинчиларининг руҳиятини шикастлади ва ўзига Ливан, Эрон, Яман ва Ироқдан минтақавий қаршилик кўрсатишнинг сезиларли ёрдамини жалб қила олди.

ҲАМАСнинг маҳбусларни алмашиш мақсади муваффақиятсиз бўлди, чунки ҳарбий таъсир туфайли Исроил режими ўт очишни тўхтатиш бўйича музокараларга рози бўлмади.

Мустамлакачиликдан озод бўлиш ва постколониал меъёрларни ҳурмат қиладиган халқаро ҳамжамият Фаластинни озод қилишнинг ушбу муҳим босқичини кенг оммага танитиши зарур. Зеро ушбу уруш, эҳтимол, эрк учун курашнинг якуний босқичи бўлиши мумкин. Фаластинликлар ва уларга хайрихоҳ овозлар 7 октябрь тарихини қайта ёзиб, бу рамзни золимлар қўлидан тортиб олишлари лозим.

Ғарб режимлари ва уларнинг оммавий ахборот воситалари Исроилнинг Ғазодаги тинч аҳолига қарши жиноятларини, жумладан катта миқдордаги болалар ўлимини яширишга уринмоқда. Аслида, кўплаб далиллар шуни кўрсатадики, ғайриинсоний терроризм айбловлари кўпроқ Исроил операцияларига тааллуқли бўлиб, ҳозирда Халқаро суд томонидан геноциднинг “эҳтимолга яқин” ҳаракатлари сифатида баҳоланмоқда. Ҳатто Рим папаси Франциск ҳам Исроилнинг Ғазодаги террорчилик ҳаракатларидан норозилигини билдирди.

Қаршилик кўрсатиш ҳуқуқининг “инкор этилишига” қарши туриш бугунги давр эҳтиёжи ҳисобланади. Чунки бу Исроилнинг геноцид режимини “демократия” даражасига кўтаришга ёрдам беради. Шу боис барча қаршилик гуруҳлари “террорчилар” деб номланмоқда.

Тим Андерсон, Сиднейда жойлашган Гегемонияга қарши тадқиқот маркази директори

Мавзуга алоқадор