Ҳиндистон турк кемасозлик компаниялари билан ҳарбий-денгиз кучларига 5 та кема етказиб бериш бўйича 1,5-2 миллиард долларлик келишувни бекор қилди. Бунга Туркиянинг Покистон билан ҳамкорлиги ва Кашмир масаласида Ҳиндистонга қарши позицияси сабаб бўлиши мумкин.
Ҳиндистоннинг Hindustan Shipyard Limited компанияси ҳарбий-денгиз кучлари учун 5 та ёрдамчи кема қурилишида иштирок этиши керак бўлган турк компаниялари билан келишувни бекор қилди. Бу ҳақда India Today нашри хабар бермоқда.
Қайд этилишича, мазкур қарор Туркиянинг Покистон билан ҳамкорлиги ва Кашмир масаласида Ҳиндистонга қарши позицияси фонида қабул қилинган. Эндиликда кемаларни Ҳиндистоннинг ўзи мустақил тарзда қурмоқчи. 
2023 йил августида имзоланган келишув қиймати 1,5-2 миллиард долларга баҳоланган бўлиб, 2027 йил ўрталаридан бошлаб Ҳиндистон ҳарбий-денгиз кучларига 5 та флотни қўллаб-қувватловчи кемаларни етказиб беришни назарда тутарди.
Сув сиғими 40 минг тоннадан ортиқ бўлган ушбу кемалар Ҳиндистон ҳарбий-денгиз кучлари имкониятларини кенгайтиришда ҳал қилувчи роль ўйнаши айтилмоқда. 

Мавзуга алоқадор