Афғонистондаги сув тошқинлари оқибатида камида 40 киши ҳалок бўлди, 347 киши жароҳат олди, дея хабар бермоқда «Анадолу» агентлиги.

Қурбон бўлганлар орасида бир оиланинг беш аъзоси ҳам бор, деди вилоят матбуот котиби Содиқуллоҳ Қурайший. Улар уйнинг томи қулаши оқибатида ҳалок бўлган.

Барча қурбонлар шарқий Нангарҳор вилоятида қайд этилган, деди муваққат соғлиқни сақлаш вазирлиги вакили Шараф Замон. У қурбонлар сони ортиши мумкинлигини қўшимча қилди.

Афғон расмийсининг айтишича, жабрланганларга тиббий хизмат кўрсатилмоқда ва муваққат маъмурият касаллик тарқалишининг олдини олиш учун халқаро ташкилотлар билан мувофиқликда иш олиб бормоқда.

Қайд этилишича, Нангарҳор вилоятида 400 га яқин уй вайрон бўлган. Кўпгина ҳудудларда электр энергияси узилган. Жалолобод шаҳрида алоқа чекланган. Ҳозирча етказилган зарар аниқланмоқда.

Ҳукумат аввалроқ мамлакатнинг 12 та вилоятида кучли бўрон ва ёғингарчиликлар бўлишидан огоҳлантирган.

Эслатиб ўтамиз, Афғонистонда май ойида кузатилган кучли сув тошқинларида 300 дан зиёд киши ҳалок бўлганди.

 

Мавзуга алоқадор