“Ақсо тўфони” бошланганидан сўнг исроилликларнинг ҲАМАСни тор-мор этиш ҳақидаги ҳайқириқлари авж олди ва уларга ғарбнинг йирик давлатлари ҳам қўшилди. Уларнинг мақсади Ғазо секторидаги ҲАМАС бошқарувини тугатиш ва Фаластин ҳукумати қарорларини қабул қилишда унинг таъсирини йўқотиш эди. Бу ҳаракатлар ҲАМАСни дунё халқлари олдида террор ташкилот сифатида гавдалантириш, шунингдек уни Яқин Шарқдаги тинчлик ва осойишталикка ҳалал берадиган ягона тўсиқ қилиб кўрсатиш, араб мамлакатларининг ташқи алоқалари, хавфсизлиги учун таҳдид этиб намоён қилиш ташвиқотлари билан бошланди. 

Демак, уларнинг фикрича, ҲАМАС барча муаммонинг сабабчиси, ҲАМАСнинг йўқ қилиниши минтақадаги тинчликка олиб борадиган ягона йўл.

Келинг, уларнинг бу даъволарини, ҳотиржамлик ва объектив назар билан таҳлил қилиб кўрамиз. ҲАМАСга қарши дунёни ва оммавий ахборот воситаларини сафарбар қилганлар қуйидаги оддий саволларимизга жавоб беришсин:

1.  ҲАМАС 1948 йилдаги урушдан ва “Исроил бирлиги” ташкил этилганидан тахминан қирқ йил ўтиб, яъни 1987 йилда, Фаластинни бўлиш тўғрисидаги қарордан кейин пайдо бўлди. Демак, ҲАМАС пайдо бўлишидан олдин ҳам минтақада тинчлик бўлмаган. Хўш, “тинчликпарварлар” қирқ тил давомида фаластинликларга ўз ҳақ-ҳуқуқларини бериш, Исроил ишғолини тўхтатиш, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти қарорларини амалга ошириш учун нима қилдилар ўша пайтда?! У пайтда ҲАМАС деган тўсиқ йўқ эди-ку?!

2.  1993 йилда имзоланган Осло келишувидан 30 йил ўтиб, ушбу келишувнинг амалга оширилишига ким тўсқинлик қилди? Ваҳоланки, бу келишувга кўра  Фаластин Озодлик Ташкилоти раҳбарияти беш йил ичида Ғарбий Соҳил ва Ғазо секторида мустақил Фаластин давлатини барпо этишга умид қилган эди. Келишув жараёнини ким бузди? Муҳожирлар сонини икки баробар ошишига сабабчи бўлган, ерларини мусодара қилган, муқаддас қадамжоларини яҳудийлаштирган ва Фаластин маъмуриятини ишғолга хизмат қилувчи функционал хавфсизлик ташкилотига айлантирган ким? Исроил эмасми?

3.  “Араб тинчлик ташаббуси” (Саудия Арабистони қироли Абдуллоҳ ибн Абдулазиз томонидан Исроил ва Фаластин ўртасида – Яқин Шарқда тинчлик ўрнатиш учун бошланга ташабус)дан атиги йигирма йил ўтиб, уни менсимай барбод қилганлар Исроил истилочилари эмасмиди?

4.  Улар айтганидек, ҳамма айб ҲАМАСда бўлса, ҲАМАС ташкилоти бўлмаганида исроилликлар фаластинликларга Ғазо ва Ғарбий соҳилда тўлиқ мустақил давлат сифатида яшашларига йўл қўйиб бермасмиди?!

Энди ўзингиз ўйланг, муаммо ҲАМАСдами, ёки сионистик мафкуранинг моҳиятидами, ёхуд Исроилдаги ҳукмрон тафаккурдами?

ҲАМАС Яҳё Айёш ўлдирилишининг қасоси сифатида 1996 йил 3 мартда бир қанча операциялар амалга оширди. Бу ҳаракатлар Исроил ҳукуматини жиддий ларзага солди ва дарҳол барқарорлик жараёнини қўллаб-қувватлаш ва "терроризм" билан курашиш мақсадида ғарб давлатлари, Исроил бирлиги, Фаластин ҳукумати ва баъзи араб мамлакатлари 13 март куни Мисрда “Тинчлик ўрнатувчилар конференцияси”ни ўтказдилар. Конференция ортидан Фаластин маъмурияти ишғолчи Исроил ва Америка Қўшма Штатлари билан ҳамкорликда, барча зулм ва шафқатсизлик воситаларини қўллаган ҳолда, ҲАМАСга қарши шафқатсиз кураш бошлади. Фаластин ҳукумати ўшанда қаршилик кўрсатувчи кучларнинг ҳаммасини бўлмаса ҳам, кўп қисмини йўқ қилишга муваффақ бўлди. У ҲАМАСнинг ташкилий тузилмасига зарба бериш ва унинг асосий базасини бўғишни қойилмақом уддалади! Кейинги тўрт йил ичида ҳам Фаластин ҳокимияти Исроил талабларини қондириб борди. Исроил эса бунга жавобан яҳудийлаштириш, ҳудудларни эгаллашдан бошқа иш қилмади. Тинчлик келишувларидан фақат ниқоб сифатида фойдаланди. Ниҳоят, бу қилмишлар 2000 йилга келганда “Иккинчи Кемп Девид музокаралари” муваффақиятсизлик билан якунланишига олиб келди. Оқибатда Ёсир Арофатнинг мустақил Фаластин давлати орзуси бутунлай сўнди.

Яна савол туғилади: Ўша пайтда ҲАМАСнинг таъсир кучи деярли йўқ қилинган эди. Нега келишувлар муваффақиятсиз якунланди, нега тинчликка эришилмади? Бунга ҳам ҲАМАС айбдорми?!

Юқоридаги воқеалардан бироз вақт ўтгач, ҲАМАС ўзини қайта тиклади ва жамоатчилик томонидан мисли кўрилмаган қўллаб-қувватлашларга эришди. Натижада, 2006 йилги қонунчилик палатаси сайловларида ғалаба қозонди.

2007 йилдан буён Фаластин ҳокимияти томонидан “ҲАМАСсиз дунё” яратишга уриниш давом эмоқда. Шу сабабдан ҲАМАС ҳам марказий ҳокимият тазйиқидан, ҳам Америка-Исроил зулмидан азият чекиб келмоқда.

16 йилдан кейин вазият қай ҳолатга келди?

ҲАМАС Ғарбий соҳилдаги энг кўп қўллаб-қувватловга эга ёки ҳеч бўлмаганда амалдаги “Фатҳ” партиясига тенг рақобат қила оладиган ташкилотга айланди. Ҳатто, Ғазо секторида машаққатли қамал ва 16 йил давомида бешта ҳалокатли уруш олиб борилгани ҲАМАСни янада кучлироқ ва халқ орасида машҳурроқ қилди. Бундан хавфсираган “Фатҳ” эса 2021 йил баҳордаги сайловлардан “ҳали тўлақонли эркин сайловлар ўтказиш учун қулай вазият юзага келмагани”ни важ қилиб қочиб қолди ва ҳозиргача ҳам қочиб юрибди.

Яна савол пайдо бўлади: ҲАМАСни йўқ қилиш фаластин халқининг иродасими, ёки босқинчи Исроилнинг хоҳишими?

Исроил ва унинг иттифоқчилари Фаластин халқи устидан ҳукм чиқариш ҳуқуқига эгами? Фаластин халқининг ҳам ўз раҳбари ва ҳукуматдаги вакилларини мустақил сайлаш ҳуқуқи борми?

Нега Ғарб дунёси, баъзи араб мамлакатлари ва уларнинг иттифоқчилари Фаластиндаги вазиятни Исроил истаклари ва стандартларига кўра мослаштиришга интилмоқда? Бунинг ўрнига юзлаб халқаро резолюциялар ва халқларнинг ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқига мувофиқ босқинни тугатиш ҳаракатини қилишлари керак эмасмиди?!

Босқинчи Исроилнинг “Халқаро қонунлардан ҳам устун давлат” сифатида қолиши бошқа халқлар устидан ҳукмронлик ва уларни бўйсундириш эвазига бўлиши мумкин холос. Шунинг учун ҳам Фаластин, агар ишғол кучларининг истагини эмас, ўз сиёсий хоҳиш-истакларини тўла амалга оширган ҳолда ҲАМАСни танласа, ўз халқининг иродасини амалга оширган бўлади.

ҲАМАС ҳозиргача Америка ёки Исроилнинг эмас, Ғазо халқининг хоҳиш-истакларини амалга ошириб келмоқда. Сўзимизнинг исботини Исроилнинг уч ойдан буён амалга ошираётган хунрезликларига қарамай, Ғазо халқи ҲАМАСни қўллаб-қувватлаётганидан билиш мумкин. Исроилнинг қирғинлари халқнинг уларга нисбатан қўрқувини эмас, балки аксинча, Исроил ишғолини йўқ қилиш истагини ошириб юборди. Яъни, Исроилнинг ҲАМАСни йўқ қилиш истаги ҲАМАСни янада кучлироқ қилди ва ҳатто босқинчиликнинг хунук чеҳраси тобора ошкор бўлган бир пайтда, унинг қаршилик ва озодлик ҳаракати сифатида Фаластин, Араб олами, Ислом дунёси ва глобал миқёсда қийматини оширди.

Халқ ҲАМАС билан бирга эканининг яна бир далили: жорий йилнинг 13 декабрь санасида “Фаластин Сиёсий Тадқиқодлар Маркази” ўтказган сўровномада халқ ҲАМАС атрофида бирлашаётгани, уни қўллаб-қувватловчилар, Маҳмуд Аббоснинг эса истеъфосини хоҳлаётганлар мутлақ кўпчиликни ташкил этиши маълум бўлди.

Балки араб ва ислом дунёсидаги энг машҳур, оммабоп партиялар бўйича танлов ўтказилганда катта эҳтимол билан ҲАМАС энг кўп овоз тўплаган бўлар эди. Агар дунё етакчилари орасида ҳам сайлов ўтказилса, биз ҳали юзини ҳам кўрмаган Абу Убайда ҳар куни турли кўринишларда намоён бўлаётган етакчилардан кўра кўпроқ овоз тўплаган бўлар эди.

ҲАМАС ва халқаро ҳамжамият

Агар ҲАМАС бўлмаганида дунё ҳамжамияти Фаластин муаммосига эътибор қаратармиди?!

ҲАМАС ташкил этилгандан бери воқелик шуни кўрсатмоқдаки, ҳар сафар ҲАМАСнинг қаршилик ҳаракатлари кучайганида БМТ ва унинг институтлари ҳам Фаластин муаммосини кўтариб қолишади. Ва аксинча, аҳоли пунктлари аста-секин сионистлар қўлига ўтиб, яҳудийлаштирила бошласа ва “тинчлик” ўрнатилса, халқаро ҳамжамият ҳам, БМТ ҳам жимиб қолади. Исроил эса бу жимликдан Фаластин мавзусини аста ёпиш, Фаластин халқини ҳуқуқларидан маҳрум қилиш учун ими-жимида фойдаланиб қолади. Бу ҳақда Доктор Валид Абдул Ҳай каби кўплаб тадқиқотчилар бир неча бор ёзишган.

ҲАМАС ва террор

Бир қанча Ғарб давлатлари ҲАМАСни терроризм ва тинч аҳолини ўлдиришда айблашмоқда. Лекин фаластинликлар ва мусулмон халқлар наздида ҲАМАС мўътадил, очиқ, исломий, миллий озодлик ҳаракати. Унинг мавжудлиги сионист терроризми ва Исроил ишғолига қарши курашиш билан боғлиқ.

ҲАМАСни тор-мор этишга ва зарарсизлантиришга уриниш озодлик ғоясининг моҳиятини тугатмайди, чунки бу ўз тақдирини ўзи белгилашга интилаётган ҳар бир халқнинг муқаддас ва ажралмас ҳуқуқидир. ҲАМАСни “террорчилик”да айблаш, ишғолга қарши ҳар қандай қонуний қаршилик кўрсатишнинг олдини олиш воситаси, холос. (Ҳудди бир пайтлар ота-боболаримиз “босмачилик”да айбланганидек. Изоҳ таржимондан)

Тинч аҳолини ўлдириш даъвосига келсак, ҲАМАС ташкил топганидан бери асосий эътиборни ҳарбий объектларга қаратишга уринган. Бунга далил 1994 йили сионистлар тарафидан амалга оширилган Иброҳимий масжиди қатлиомидан сўнг, ҲАМАС босқинчиларга тинч аҳолини ўлдирмасликни таклиф қилган эди, аммо босқинчилар буни эътиборсиз қолдириб, қирғинларини давом эттирди.

Маълумот ўрнида яна айтиш мумкинки, ҳужжатлаштирилган статистик маълумотларга кўра, Исроил босқини 2000 йилдан то 7 октябргача, яъни “Ақсо тўфони” бошлангунига қадар 11 мингдан ортиқ фаластинликни ўлдирган, уларнинг аксарияти тинч аҳоли эди. Ҳозир ҳам бутун дунё Ғазо секторидаги сионистик қирғинларга гувоҳ бўлиб турибди. Келинг, фақат ҲАМАСга “террор” тамғасини уришдан олдин, “сионистик терроризм” ҳақида ҳам гапирайлик.

Фаластин мўътадил Ислом цвилизациясининг мусулмон оламидаги энг кучли, чуқур ва кенг мактаби сифатида гавдаланмоқда. Фаластин ўзининг буюк диний мақоми ва мероси билан ҳар бир араб ва мусулмоннинг виждони ва қалбида чуқур ўринни эгаллайди. Шунинг учун ҳатто ҲАМАС йўқ қилиб юборилса ҳам бу ҳаракат яна қайта такрорланаверади. Чунки бу фақат ҲАМАСнинг даъвоси эмас, балки озодликка чанқоқ Фаластин халқининг даъвосидир. Бу Фаластин жамияти ва миллатида мустаҳкам ўрнашган мафкурадир.

Шунинг учун ҳам буни яхши тушуниб турганлар фақатгина ҲАМАСни йўқ қилиш билан кифояланиб қолмайди. Балки улар бутун Фаластин халқи, унинг тирик ва эркин кучлари қаршилигини нишонга олишади. Фаластин халқига нисбатан ишғол, адолатсизлик ва зулмнинг давом этиши учун қулай муҳит истайдилар. Улар иродасиз, қадриятсиз, рақсга тушадиган, ўйин-кулгуга берилган Фаластин халқини хоҳлайдилар.

Шу сабабдан, жаҳон халқлари, халқаро ҳамжамиятлар бутун эътиборларини мустамлака ва босқинчиликсиз дунёни, тажовузкор сионистик лойиҳадан холи бўлган, халқларнинг ирода эркинлигини ҳурмат қиладиган дунёни яратишга қаратишлари керак.

Доктор Муҳсин Муҳаммад Солиҳ,

“Зайтуна тадқиқотлар ва маслаҳатлар маркази” бош директори

Мавзуга алоқадор