Ғазо – ғурур маскани, иззат манбаи, қаҳрамонлар етиштириб, гўдакларнинг жасоратига гувоҳ бўлган диёр. Аммо сионистлар ва уларнинг америкалик иттифоқчилари бу ўлкани қонга ботириб, болалар, аёллар, қарияларни ўлдирди, уйларни вайрон, боғларни пайҳон қилди.

Расмий араб ва Ислом мамлакатлари Ғазо халқини ҳеч қандай қўллаб-қувватламаётган бир пайтда, мусулмон халқлар сионист хайрихоҳи ва ҳомийси бўлган Америка молларига, шунингдек, ушбу жиноятларни қўллаб турган барча компаниялар маҳсулотларини сотиб олишни тўхтатишлари ва бу мақсадни доимо илгари суриб боришлари лозим. Токи бойкот ҳаётимизнинг зарурий бир қисмига айлансин ва тажовузкорлар томонидан ишлаб чиқариладиган, фойдаси яна тажовуз учун сарфланадиган махсулотлар йўқ бўлсин! 

Шу ўринда келинг, сўзни “бойкот” тушунчасининг маъноси ва келиб чиқиши ҳақидаги маълумаотлар билан давом эттирайлик. “Бойкот” деб бирор иш ёки хатти-ҳаракатни қилмасликка қарор бериш, қай бир мақсадга эришиш учун шахс, гуруҳ ёки мамлакат билан ҳар қандай алоқани узишга айтилади.

Тарих мобайнида мамлакатлар ва шахслар воқеа-ҳодисаларга муносабат билдириш воситаси сифатида тижоратдан фойдаланганлар. Шу даражадаки, озчиликлар, аёллар ва ишчилар ҳуқуқлари каби кўплаб масалаларда бугун амалда бўлган стандартларга иш ташлаш ёки бойкот каби ҳаракатлар натижасида эришилди. Бундай ҳаракатларга "Бойкот" сўзининг қўлланилиши тарихи эса унча узоққа бориб тақалмайди. Бу сўз инглиз тилига инглиз лордлари номидан Ирландиядаги ерларни деҳқонларга ижарага бериш ишларини юритган инглиз зобити, капитан Чарлз Бойкот туфайли кирган.

1880 йилда ҳосилнинг камайиши сабабли қишлоқ аҳолиси тўлаган ижара ҳақига 25 фоиз чегирма талаб қилади. Бироқ, Бойкот фақатгина 10 фоизни чегирмага рози бўлишини айтади. Қишлоқ аҳли бойкотнинг муросасиз муносабатига жавобан норозилик маъносида ерга ҳеч нарса экишмади ва алоқаларини ҳам тўхтатишади. Почтачилар ҳам бу норозиликка қўшилишади ва Англиядан келган хатларни Бойкотга етказиб беришмайди. Натижада қироллик иш тўхтаб қолмаслиги учун Ирландияга ишчилар, техника ва кўплаб аскарларни юборади. Шу тариқа, 500 фунт-стерлингга кўнмаган Бойкотнинг бу иши қироликка 10 минг фунтга тушади! Ижарачилар охир-оқибат мақсадларига эришадилар, бу ҳаракат бойкот қилинаётган шахснинг фамилияси билан  "Бойкот" деб номланди.

Аслида, иқтисодий бойкот қилиш иймоннинг энг заиф ҳолатини ифодалайди. Зулмга қарши курашишнинг энг минимум ҳолати мана шу. Айни пайтда, бойкот самарали ва муҳим қурол эканини ёддан чиқармаслик даркор. Америка ўз маблағи, қуроллари ва сиёсий мавқеидан фойдаланиб сионистларни қўлламоқда. Биз эса маблағимизни душманимизни қўллаб-қувватлаш учун ишлатмаслигимиз, Ғазодаги мусулмонларнинг уйлари-ю, қалбларини вайрон қилаётган ракета, артиллерия ва ўқларга айланишига ҳисса қўшмаслигимиз керак.

Иқтисодий чеклов масаласи кечагина пайдо бўлиб қолган нарса эмас, аслида. Тарихдан бизга маълумки, Макка мушриклари Пайғамбаримиз алайҳиссаломни топширишлари учун Бану Ҳошим ва Бану Мутталиб уруғларига нисбатан иқтисодий чеклов (бойкот) эълон қилишган эди. Мушриклар бу икки оилага ҳеч нарса сотмаслик, улардан ҳеч нарса сотиб олмаслик қарорига келишган бўлиб, бунинг оқибатида мусулмонлар очликдан азият чекиб, ҳатто дарахт пўстлоғи ва баргларни ейишга ҳам мажбур бўлишган. 

Шунгдек, Сумома ибн Усол розияллоҳу анҳу исломни қабул қилганларидан кейин маккаликларга ҳеч нарса сотмай қўйдилар. Ваҳоланки, Ямома ерларида яшайдиган Сумома ибн Усол ва у кишининг қабиласи Маккани буғдой билан таъминлаб турар эди. Маккаликлар эса Сумомани иқтисодий чекловни бекор қилишга кўндириб беришлари учун Пайғамбаримизга хат ёзишга мажбур бўлишади. 

Яна мисол келтирамиз. Ўтган асрда Ҳиндистон етакчиси Маҳатма Ганди инглиз махсулотларига бойкот эълон қилди, халқ ҳам унга эргашди. Натижада эса Британия 1947 йилда бутун аскарларини Ҳиндистондан олиб чиқиб кетишга мажбур бўлди. Бундай амалиёт Мисрда ҳам кузатилган: 1919 йилдаги инқилобдан кейин мисрликлар ҳам Британия махсулотларига бойкот эълон қилишди. 

1973 йилдаги октабр урушларида ҳам араблар Америка ва сионистларни қўллаб-қувватловчи давлатларга нефт сотишни тўхтатиб қўйди. Бу эса Англия ва Францияни бетарафлик позициясини эгаллашга ҳамда аэропортларидан Америка ва сионистларнинг ҳарбий техникаларини ўтказишдан бош тортишига олиб келди. Европа ҳукуматлари эса сионистларни араб ерларидан чиқиб кетишга чақириб, баёнот берди. Аниқроғи, шунга мажбур бўлишди. 

Яқин тарихимизда ҳам бундай ҳолатлар жуда кўп кузатилган. Франция яқин-яқингача Америка маҳсулотларига, нафақат маҳсулотларига балки Америка фильмлари ҳатто инглиз тилига ҳам таъқиқ (бойкот) эълон қилган. Дарҳақиқат, Американинг ўзида 1993-1996 йиллар оралиғида 35 давлатга нисбатан 60 марта бойкот эълон қилинган. 

Бойкот қуролидан сионистларнинг ўзлари ҳам кенг фойдаланишган. 2003-йилда Исроил бош вазири Ариел Шарон Белгия маҳсулотларига нисбатан бойкот эълон қилиб, бошқа яҳудийларни ҳам бунга чорлаган. Шунингдек, сионистлар Ғазо аҳолисига нисбатан ҳам ўн ети йилдан буён иқтисодий чекловлар қўллаб келмоқдалар.

Юқоридаги мислоллардан хулоса қилиш мумкинки, “бойкотнинг фойдаси йўқ”, “бу ҳеч қандай аҳамиятга эга эмас”, дейдиган кимсаларнинг фикрлари ҳеч қандай қийматга эгамас! Бундай кимсалар ҳудди Табук ғазотида мунофиқлар қилганидек, мусулмонларнинг руҳиятларини синдирмоқчи, мужоҳидларнинг саъй-ҳаракатларини сўндирмоқчи бўладилар, холос. Чақалоқ онасининг кўкрагидан ажралгиси келмаганидек, улар ҳам Америка ва сионистларнинг маҳсулотларидан ажралгилари келмайди. Оқибатда, сиёсий, маданий, ҳарбий… жиҳатдан уларнинг гегемониясига асир бўлиб қолаверадилар. 
Хоп, бойкот қилиш керак экан, у бизга қандай фойда беради? 

Биринчи: Иқтисодий чекловлар сионистларнинг иқтисодиётини фалаж ҳолатга келтириш кучига эга. Уруш натижасида ҳар куни 170 миллион доллар йўқотаётган сионистларнинг янада кўпроқ маблағ йўқотишига сабаб бўлади.

Иккинчи: Бойкот Америкага босим ўтказишнинг асосий омилидир. Чунки Америка манфаатлар устига қурилган давлат. Америка сиёсатчилари, сенатор ёки ҳукумат вакиллари қайсидир маънода баъзи компанияларга бевосита ёки билвосита алоқадор ҳисобланадилар. Бу компаниялар манфаатига зарар етказиш Америка сиёсатини сўз билан эмас, амалда ўзгартиришга қодир бўлган саҳна ортидаги ҳақиқий ўйинчиларга бевосита таъсир қилади. 

Америка маҳсулотларига нисбатан чекловлар уларнинг омборларда туриб қолишига олиб келади. Маҳсулотларнинг сотилмай қолиши эса ишчи-ходимларга бериладиган ойлик маошларнинг кескин камайишига сабаб бўлади. Ойликларнинг камайиши оммавий иш ташлашга олиб келади. Бу эса Америка ҳукуматига жиддий босимни юзага келтиради. 

Учинчи: Оммавий бойкот ва шу ғоянинг кенг сингдирилиши Исро ва Меърож ҳодисаси юз берган ўлкада содир бўлаётган воқеа-ҳодисалардан ёш-авлодни хабардор қилиб, уларда исломий ва миллий ғурур, зулмга қарши туриш, адолат учун курашиш каби туйғуларни шаклланишига сабаб бўлади. 

Тўртинчи: Кенг қамровли бойкот ғояси атрофида бирлашиш, араб ва ислом ўлкаларини иттифоққа олиб келади. Америка гегемонияси таъсиридан чиқишга ёрдам беради. 
“Агар бойкот қилинса, ана шу корхоналарда ишлаётган ўзимизнинг халқ ишсиз, ойликсиз қолади-ку” дейдиганларнинг фикрлари ҳам тўғри эмас. Чунки уларнинг маҳсулотларига тўланаётган маблағлардан, бемалол, миллий маҳсулотлар ишлаб чиқариш учун муқобил сармоя сифатида фойдаланиш мумкин. Бу эса мусулмон инвесторларга ўз фаолиятини кенгайтириш, бошқаларга тобе бўлмаган мустақил иш ўринлари яратиш учун тарихий имконият яратади. 

Маҳаллий ва мусулмон инвесторлар Америка ва сионист компаниялардан фарқли ўлароқ, фойдаларининг бир қисмини урушларни қўллаб-қувватлашга қаратмайдилар. Фойда маблағларини ўзларига ташиб кетмайдилар ва мамлакатнинг ўзида қайта инвестиция қиладилар. Шунинг учун хорижий компаниялар фойдага эга чиққанидан кўра маҳаллий инвесторларнинг фойда кўриши ички иқтисодиётни анча жонлантиради. 
Демак, бойкот нафақат Ғазодаги мусулмонларни қўллаш учун, балки, ўз иқтисодимизнинг ҳам жонланиши учун муҳим заруратдир. Зеро, яна қайтарамиз, Америка ва сионист компанияларга нисбатан қилинадиган иқтисодий чеклов маҳаллий компанияларнинг ривожи, янги иш ўринларининг кўпайиши, шунингдек, маҳаллий валюталарга нисбатан доллар босимининг камайиши учун ажойиб имконият. 

Хулоса ўрнида айтамизки, мусулмон ўлка фуқаролари якка ёки институционал тарзда бирлашиб, режалаштирилган, мақсадли ва давомли тарзда Америка ва сионист компания маҳсулотларига қарши бойкот эълон қилишлари зарур. Бойкотнинг таъсири ейдиган таомлари, ичадиган ичимликлари, киядиган кийимлари, ўқийдиган, томоша қиладиган китоб ва фильмларида ҳам ўз аксини топиши керак. 

Доктор Ашраф Давабба, Европа Ислом молияси ва иқтисодиёти академияси (ЭАИФE) президенти

Мавзуга алоқадор