АҚШ ҳарбий-ҳаво кучлари “Қиёмат куни самолёти” деб номланувчи Boeing E-4 Nightwatch ўрнини босувчи янги самолёт яратиш бўйича 13 миллиард долларлик шартнома имзолади, дея хабар бермоқда ТАСС Reuters агентлигига таяниб.

Агентлик маълумотларига кўра, тендерда Sierra Nevada Corporation самолёт ишлаб чиқарувчи компанияси ғалаба қозонган. Ушбу компания A-29 Super Tucano ва RAPCON-X сингари ҳужум ҳамда разведка самолётларини ишлаб чиқаради.

Янги "қиёмат самолёти"нинг қурол-яроғ тизими ҳарбий талабларга жавоб бериш учун кучайтирилган ва замонавийлаштирилган тижорий реактив самолётдан иборат бўлади. Лойиҳани 2036 йилда якунлаш мўлжалланган. Ҳаво-десант амалиётларини бошқариш маркази эса Колорадо, Невада ва Огаё штатларида фаолият олиб боради.

Эски “қиёмат самолёти” ҳисобланган Boeing E-4 Nightwatch ҳавода ёқилғи қуйилган тақдирда, осмонда бир ҳафтагача парвоз қила олади. Бортдаги барча жиҳозлар ядровий портлашнинг зарарли омилларидан ҳимояланган. Ушбу самолёт ёрдамида АҚШ қўмондонлиги стратегик ва стратегик бўлмаган қуроллар билан алоқа ўрнатиши мумкин. E-4 Nightwatch70-йиллардаги Boeing 747-200 самолётининг модернизация қилинган шакли бўлиб, 2030-йилларга бориб эскирган деб ҳисобланади.

Ҳозирда АҚШ ҳарбий-ҳаво кучларида тўртта шундай самолёт бор. Улар Мудофаа вазири ва бошқа юқори мартабали ҳарбий амалдорлар ихтиёрида, лекин Оқ уй раҳбари ҳам фойдаланиши мумкин. Самолётлардан бири фавқулодда вазиятлар юзага келганда, айниқса, душман томонидан ядро қуролидан фойдаланилганда доимий шай ҳолатга келтирилади.

Мавзуга алоқадор