Ҳиндистондаги ибодатхонада юз берган тиқилинчда 6 киши ҳалок бўлди
Ҳиндистоннинг Гоа штатида жойлашган Ширгаон ибодатхонаси яқинида ўтказилган диний маросим чоғида юзага келган тиқилинч оқибатида камида олти киши ҳалок бўлди, 50 дан ортиқ зиёратчи тан жароҳати олди. Бу ҳақда NDTV телеканали хабар берди.
Воқеага гувоҳ бўлганларга кўра, оломон орасида ваҳима юзага келган ва одамлар маросимни тарк этишга шошган. Айтилишича, ташкилотчиларнинг тартибни назорат қилишда сусткашликка йўл қўйганлиги фалокатга сабаб бўлган.
Ҳодиса жойига зудлик билан фавқулодда хизматлар ва полиция етиб борган. Жабрланганлар яқин атрофдаги шифохоналарга етказилган. Расмийлар томонидан эса тергов ишлари бошланган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 30 январида Уттар-Прадеш штатида бўлиб ўтган Кумбҳа Мела фестивалида ҳам шунга ўхшаш тиқилинч натижасида 40 дан ортиқ киши ҳалок бўлган, 60 киши жароҳатланган эди.