02.05.2025 13:01
61

Россияда ниқоб тақиқи яна кун тартибида

Россияда мусулмон аёлларнинг ниқоб тақиши масаласи яна жиддий муҳокама остида. Москва метросидаги можаро, Доғистонда ўтказилган полиция рейдлари ҳамда Хасавюртдаги мусулмон аёлларга нисбатан босимлар фонида расмийлар бу кийимни хавфсизликка таҳдид деб баҳоламоқда.


Таниқли диншунос Роман Силантев Давлат Думаси спикери Вячеслав Володинга мурожаат қилиб, юзни тўсадиган барча кийимларни, жумладан ниқобнинг тақиқланишини назарда тутувчи қонун лойиҳасини таклиф қилди. 


Унинг фикрича, юзни яшириш жиноят содир этиш ёки жавобгарликдан қочиш учун имкон яратади.


Россия Инсон ҳуқуқлари кенгаши аъзоси Ева Меркачева эса, жамоат транспортида ҳар бир инсоннинг юзи кўриниб туриши лозимлигини, чунки мимика орқали унинг ниятини англаш мумкинлигини айтган. 


Шунга қарамай, Москва метросидаги ниқобли аёлни ҳимоя қилган йигит 13 суткага ҳибсга олиниб, унга жиноят иши очилгани, ҳужум қилган аёлга эса енгил жазо тайинлангани жамиятда норозилик келтириб чиқармоқда.


Мутахассислар ушбу чекловларни исломни федерал даражадаги муҳокамалардан сиқиб чиқариш ва уни чекка, “рус дунёсига бўйсунувчи” дин сифатида кўрсатиш сиёсати деб баҳоламоқда. Сиёсатшунос Руслан Айсин эса, мусулмонлар ҳанузгача “ички душман” сифатида кўрилаётганини таъкидлаб, вилоят даражасидаги босимлар орқали марказий ҳукумат ўзини четда тутаётганини айтиб ўтди.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.