АҚШнинг Ўзбекистон пахта саноатига пул ажратганини эшитган Илон Маск кулиб юборди
Бугун Оқ уйда бўлиб ўтган ҳукумат йиғилишида АҚШ Меҳнат вазири Лори Чавес мамлакат ташқи ёрдам дастурлари таҳлили ҳақида маълумот берди.
Унга кўра, ҳукумат “America Last” деб аталган, миллий манфаатларга мос келмайдиган дастурларни тўхтатиб, 250 миллион доллар тежагани маълум қилинди.
Чавес сўзларига кўра, бекор қилинган маблағлар орасида “Ўзбекистон пахта саноатида шаффофлик ва ҳисобдорликни ошириш” лойиҳаси ҳам бор. Бу маълумотни эшитган DOGE раҳбари Илон Маск йиғилишда кулги билан муносабат билдирди.
“Ўзбекистон пахтачилари? Бу худди комедияга ўхшайди. Ишониб бўлмайди”, деди Маск.
АҚШ томонига кўра, фуқаролар солиқлари ҳисобига бошқа давлатлардаги тартиб-назарот, экологик ислоҳотлар ва меҳнат ҳуқуқларини такомиллаштиришга қаратилган ташаббуслар молиялаштирилмаслиги керак.
Маълумот учун, 2022 йилда бошланган Ўзбекистондаги мазкур лойиҳа 2026 йилгача давом этиши керак эди. Унга шу кунга қадар 2 миллион доллар ажратилган, 2025 йил учун яна 1 миллион доллар режалаштирилганди.
Аммо янги сиёсий қарорларга кўра, ушбу маблағлар йўналтирилмайдиган бўлди.