29.04.2025 06:41
39

АҚШ Саудияга 100 миллиард долларлик қурол сотмоқчи

Доналд Трамп Саудияга тахминан 100 миллиард долларлик қурол-техника сотиш бўйича шартнома таклиф қилишни режалаштирмоқда. Reuters агентлигининг маълум қилишича, Оқ уй раҳбари ушбу таклифни май ойида Саудия Арабистонига қилинадиган ташрифи чоғида тақдим этади.


Режалаштирилаётган қурол етказиб бериш пакетига Lockheed Martin, RTX Corp, Boeing, Northrop Grumman ва General Atomics каби йирик мудофаа компаниялари томонидан ишлаб чиқарилган тизимлар киради.


Бундан ташқари, томонлар MQ-9B SeaGuardian дронлари ва бошқа техникалар савдоси юзасидан музокаралар олиб бормоқда. 


Шунингдек, Саудияга F-35 қирувчи самолётларини сотиш масаласи ҳам муҳокама қилинмоқда. Аввалроқ шундай музокаралар Бирлашган Араб Амирликлари билан ҳам ўтказилган эди, бироқ Вашингтон минтақадаги Хитой таъсири борасидаги хавотирлар сабабли уларни музлатиб қўйганди.


Нашрга кўра, Трампнинг Саудия Арабистони, БАА ва Қатар бўйлаб сафари 13–16 май кунлари бўлиб ўтади. 


Ушбу ташриф давомида қурол-техника бўйича битимлардан ташқари, Трамп Саудия томони билан исроил* ўртасида дипломатик алоқаларни нормаллаштиришга эришишни кўзламоқда. 


Бироқ, Ар-Риёд бундай келишувга рози бўлиш учун аввало Фаластин давлати ташкил этилиши шартлигини билдирган.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.