28.04.2025 13:56
72

Папалик тарихи: Исо Масиҳдан Ватикан давлатигача бўлган йўл

Насроний эътиқодига кўра папалик тарихи Қуддус яқинидаги Жалила кўлида балиқ овлайдиган ака-ука Андрей ва Пётрнинг Исо Масиҳ томонидан биринчи шогирдлар сифатида танланиши билан бошланган. Пётр ўн икки ҳаворийнинг бошлиғи ва сўзловчиси сифатида қабул қилинган эди. Тўрт Инжилда ҳам Исо Масиҳнинг Охирги кечки овқат пайтида Пётр уни уч марта инкор қилишини олдиндан айтгани ёзилган. Пётр эса бошқалар инкор қилса ҳам ўзи ҳеч қачон инкор қилмаслигини айтган эди. Аммо Инжилларда айтилганидек, Исо римликлар томонидан ҳибсга олинганда, Пётр уни ҳақиқатан ҳам уч марта инкор қилган ва “Мен бу одамни танимайман” деган.

Пётр уч марта инкор қилган деб ҳисобланса, қандай қилиб у азиз мақомига кўтарилган? Юҳанно Инжилида Исо тирилгандан кейин Пётрдан уч марта “Мени яхши кўрасанми?” деб сўраган. Пётр ҳам уч марта яхши кўришини айтган ва шундай қилиб кечирилган. Матто Инжилида эса бу кечиримдан кейин Исо Пётрга: “Сен бир тошсан ва мен черковимни шу тош устига қураман” деган. Бу сўз католик эътиқодига кўра Пётрни биринчи папа деб эълон қилиш эди.

Исо Масиҳдан кейин Пётр Қуддусда ваъзлар айтиб давом эттирди, сўнг Антакия ва Римга борди. Римда миссионерлик ишларини олиб бориб турганида ҳукумат томонидан ушланиб, хочга михлаб ўлдирилди. Шу воқеадан сўнг Римдаги насронийлар уни маънавий етакчи сифатида қабул қилишди. Папалик тушунчаси айнан шу асосда шаклланди. Кейинги барча папалар Пётрнинг вориси деб ҳисобланди.

Пётрнинг ўлдирилиши ортидан дастлабки 300 йил мобайнида насронийлик Римда расмий дин бўлмагани учун папалик қудратли эмас эди. 313 йилда Милан фармони билан насронийлик эркинликка эришди, 380-йилларда эса Теодосий фармони билан расмий дин деб эълон қилинди. Шу тариқа папа Ғарбнинг энг қудратли руҳоний етакчисига айланди. 476 йилда Ғарбий Рим империяси қулаганидан сўнг, сиёсий бўшлиқни папалик тўлдирди ва қудрати янада ошди. 800 йилда папа франклар қироли Шарлманни тоҷ кийдирди. Аммо Ғарбий қироллар папаликнинг ҳар соҳадаги ҳукмронлигидан норози бўла бошладилар. Немис қироллари билан папалар ўртасида епископларни тайинлаш ҳуқуқи борасида катта можаро юзага келди. Баъзи императорларнинг папалик томонидан афороз қилиниши зиддиятни кучайтирди.

1309 йилда папалар Францияга кўчирилишига қарор қилинди. Папалар бу ерда 70 йил яшади, бу давр насронийлик тарихида “Бобил қочқини” деб аталади. Бу қочқинликдан кейин папалик ичида ҳам бўлинишлар бошланди. Бир вақтнинг ўзида бир нечта папа сайланди, тартибсизлик ва зиддият кучайди. Папалик институтининг қонунийлиги шубҳа остига олинди. 1414–1418 йилларда Констанц кенгаши чақирилиб, яна битта папа сайлашга қарор қилинди.

Аммо инқирозлар шу билан тугамади. Кейин протестант ислоҳотлари бошланди. Мартин Лютер католик черковини қаттиқ танқид қилиб, папалик ҳокимиятини заифлаштирди. Шунга жавобан Трент кенгаши қарорлари асосида католик ислоҳотлари амалга оширилди ва папалик қайта ташкил этилди.

1870 йилда Италия бирлашганида, Рим янги ташкил этилган Италия қироллигига қўшилди. Италия миллатчилари “Бирлашган Италия пойтахти Рим бўлади!” дея папалик бошқарувига барҳам беришди. Шундан сўнг папалар 1870–1929 йилларда "Ватикан маҳкуми" деб аталди. Папалик Италияни тан олмади, Ватикандан ташқарига чиқмади, расмий маросимларда иштирок этмади. Бу тўлиқ инқироз ва норозилик даври бўлди.

1929 йилда Италия ва Ватикан ўртасида Латеран шартномаси имзоланди. Ушбу шартнома билан Ватикан Давлати ташкил этилди ва мустақил давлат мақомига эга бўлди.

Турк тилидан Муҳаммадали Ҳикматуллоҳ таржимаси

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.