Саудия Арабистони ўзбекистонликлар учун электрон виза беришни вақтинча тўхтатди
Саудия Арабистони Туризм вазирлиги Ўзбекистон, Тожикистон ва яна ўнга яқин давлат фуқаролари учун электрон виза хизматлари вақтинча тўхтатилганини маълум қилди. Айни пайтда онлайн портал орқали электрон виза олиш имкони тўсиб қўйилган.
Айтилишича, бу чора Ҳаж мавсумида рухсатсиз зиёратларнинг олдини олиш мақсадида қўлланилмоқда.
“23 апрелдан 9 июнга қадар электрон виза олиш хизмати амал қилмайди. Бу даврда сафар қилувчилар ўз мамлакатларидаги Саудия Арабистони элчихоналари ёки ваколатли идоралар орқали виза олишлари мумкин”, дейилади вазирлик хабарида.
Аввалроқ Саудия Арабистони Ҳиндистон, Покистон, Миср каби 14 давлат фуқаролари учун ҳам электрон виза беришни тўхтатган эди. Бунга мазкур давлатлар фуқароларининг Умра мақсадида кириб, Ҳаж зиёратида ноқонуний иштирок этиш ҳолатлари ортиши сабаб бўлган.
Маълумот учун, 2025 йилги Ҳаж мавсумида Ўзбекистон учун 15 минг квота ажратилган. Ҳаж сафари Ўзбекистонда фақат Дин ишлари бўйича қўмита ва Мусулмонлар идораси орқали ташкил этилади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги сўнгги вақтларда ватандошларимиз БАА ҳудудида содир этаётган қонунбузарлик ҳолатлари кўпаяётгани амирлик билан визасиз тартибга таъсир кўрсатиши мумкинлигидан огоҳлантирган эди.