Ўзбекистонликлар БААда жиноят содир этиши кўпайгани сабабли визасиз режим бекор қилиниши мумкин
Жорий йил 20 апрел куни БААнинг Дубай шаҳрида Ўзбекистон фуқароларидан ташкил топган икки гуруҳ ўртасида тўқнашув содир бўлди. Бу ҳақда тарқалган хабарларда можаро пичоқбозлик билан якунлангани, натижада гуруҳлардан бирининг етакчиси ҳалок бўлгани айтилади.
Қайд этилишича, ушбу жиноий гуруҳ аъзолари 2023 йил декабрида Ўзбекистонда «кўча»га нисбатан бўлиб ўтган тадбирлар фонида мамлакатни тарк этиб, Туркия ва БААда қўним топган.
Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Аҳрор Бурҳоновнинг маълум қилишича, БААда Ўзбекистон фуқаролари билан боғлиқ ҳолат юзасидан дипломатлар Дубай жиноят қидирув бошқармаси раҳбарияти билан учрашув ўтказган.
БАА томони мазкур ҳолат бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилаётганини, 15 нафар Ўзбекистон фуқароси қўлга олинганини маълум қилди.
ТИВ баёнотига кўра, сўнгги вақтларда Ўзбекистон фуқаролари томонидан содир этилаётган қонунбузарлик ҳолатлари кўпаяётгани икки давлат ўртасидаги визасиз тартибга таъсир кўрсатиши мумкин.