Асаднинг Сурия бойликларини олиб қочишига Россия ва БАА ёрдам берган
Суриянинг собиқ президенти Башар Асад 2024 йил декабрь ойида ўз режими қулашидан олдин, оила аъзолари, содиқ ёрдамчилари, катта миқдордаги нақд пуллар, махфий ҳужжатлар ва қимматбаҳо буюмларини яширинча Бирлашган Араб Амирликларига (БАА) олиб қочган. Бу ҳақда Reuters хабар берди.
Маълум қилинишича, операцияни Асаднинг яқин одами ва иқтисодий маслаҳатчиси Ясар Иброҳим ташкил қилган. Бу махфий операция унинг WhatsApp ёзишмалари, сунъий йўлдош тасвирлари ва учиш маълумотлари ўрганилгач фош этилди.
Гамбия рўйхатидаги C5-SKY борт рақамли Embraer Legacy 600 самолёти 6–8 декабрь кунлари Дамашқ ва БАА орасида тўрт марта қатнаб, президент қариндошлари, президент саройи ходимлари, 500 минг доллардан ортиқ нақд пул, қимматбаҳо санъат асарлари ва Асаднинг яширин бизнес империясига оид ҳужжатларни ташиган.
Сўнгги парвоз 8 декабрда Россияга қарашли Хмеймим ҳарбий базасидан амалга оширилган. Ўша куни Асад ҳам айнан шу база орқали Россияга қочиб кетгани айтилмоқда. БАА ва Россия ҳукуматлари бу операция бўйича изоҳ бермаган.
Суриянинг янги президент Аҳмад Шаръ ҳукумати эса Асад олиб кетган давлат маблағларини қайтаришга уринмоқда.