10.04.2025 11:56
83

Шимолий Кипр Турк Республикасида мактабларда ҳижоб тақишга рухсат берилди

Шимолий Кипр Турк Республикаси расмийлари ўрта ва юқори синф ўқувчилари учун мактабларда ҳижоб ўрашга расмий равишда рухсат берди. Бу ҳақда Alturist ўзининг ишончли манбаларига таяниб хабар бермоқда. 


Маълумотда айтилишича, Вазирлар Маҳкамасининг айни шу масалага доир йиғилишидан сўнг таълим муассасаларида кийиниш қоидаларини тартибга солувчи интизом низомига тегишли ўзгартиришлар киритилди.


Унга кўра, эндиликда ўрта мактабларда ҳижоб масаласида қарор қабул қилиш ваколати мактаб маъмуриятига топширилади, лицей (юқори синфлар) босқичида эса ҳижоб ўрашга расман рухсат берилади.


Шунингдек, мамлакат Таълим вазирлиги ҳижобнинг рухсат этилган ранглари, шакли ва ўлчамларини белгилайди ва уларнинг мактаб формаси стандартларига мослигини таъминлайди, дейилади хабар матнида. 


Эслатиб ўтамиз, ўтган ҳафта Шимолий Кипр ҳудудидаги ўрта мактаб ўқувчи қизларига ҳижобда дарсларда иштирок этишга рухсат берилмаган эди. Хусусан, Лефкоса шаҳридаги Ирсен Кучук номли ўрта мактабда ўқийдиган бир нафар ўқувчи қиз ҳижобда бўлгани учун дарсларга киритилмаган.


Бу эса, 13 минга яқин турк-кипрлик фурароларнинг жиддий норозилигига сабаб бўлиб, ҳукуматнинг бу борада ижобий ечим излашига мажбур этган эди.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.