10.04.2025 07:12
120

Хитой АҚШ маҳсулотларига божларни 84 фоизгача оширди

Хитой ҳукумати АҚШдан импорт қилинадиган барча товарларга божларни 84 фоизгача оширди. Бу чора АҚШнинг Хитой маҳсулотларига тарифларни 104 фоизгача ошириш қарорига жавобан қабул қилинди, дея хабар бермоқда Xinhua агентлиги.


Хитой Давлат Кенгаши ҳузуридаги Божхона тариф комиссияси маълумотига кўра, янги тарифлар бугундан кучга киради. Пекин, шунингдек, АҚШнинг яна 12 компаниясига экспорт назорати жорий этди ва олти компанияни “ишончсиз субъектлар” рўйхатига қўшди.


Манбанинг хабар беришича, Хитой ташқи ишлар вазирлиги АҚШни бир томонлама божларни бекор қилишга ва келишмовчиликларни ўзаро ҳурмат асосида ҳал этишга чақирган.


Бироқ, бу чақириқ Оқ Уй томонини баттар жазавага келтирди. Reuters агентлиги сўнги хабарида Трамп Хитойга қўйилган тариф ставкасини зудлик билан 125 фоизгача оширишни ва бошқа мамлакатларга нисбатан чоралар учун 90 кунлик танаффус беришни расман тасдиқлаганини маълум қилди. 


Эслатиб ўтамиз, март ойида Трамп Хитой маҳсулотларига 20 фоизлик божлар жорий қилган, апрел ойида эса 34 фоизлик қўшимчалар киритди. Хитой ҳам ўз навбатида шунга ўхшаш чоралар кўрди. Пекин тарифларни бекор қилишдан бош тортгач, АҚШ божларни 104 фоизгача оширди. Хитой эса, агар зарурат туғилса, “охиригача курашишга” тайёр эканини билдирган эди.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.