09.04.2025 16:47
204

Ўзбекистонда яҳудийлар учун музей ва ибодатхона қуриладими?

Россия бош раввини Берл Лазар Тошкентда икки кунлик расмий ташрифда бўлди. Gazeta.uz хабарига кўра, у Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умурзоқов, Диний ишлар бўйича қўмита раиси Содиқ Тошбоев ҳамда маҳаллий яҳудий жамоаси вакиллари билан учрашди.


Ташриф доирасида делегация Тошкентдаги яҳудий қабристони ва синагогаларни зиёрат қилди. Маълумотларга кўра, мазкур қабристон Иккинчи жаҳон уруши даврида ташкил этилган бўлиб, унда таниқли шахслар — режиссёр Владимир Шапиро, фотограф Макс Пенсон ва ҳайкалтарош Яков Шапиро дафн этилган.


Берл Лазар ташриф чоғида қабристонни реконструкция қилиш лойиҳаси билан ҳам танишди. Манбанинг таъкидлашича, Лойиҳа доирасида қабирларни таъмирлаш, янги ибодатхона ва дарвоза қуриш режалаштирилган.


Дин ишлари бўйича Қўмита раиси Содиқ Тошбоев бош раввин билан учрашув чоғида уни яқинлашиб келаётган Песах байрами билан табриклаб, ҳар йили байрам муносабати билан Ўзбекистонга катта миқдорда матса олиб келинишини муълум қилди. Унинг таъкидлашича, бу йил ҳам ушбу ёрдам инсонпарварлик асосида, бепул равишда амалга оширилади.


Содиқ Тошбоев, шунингдек, яҳудий жамоалари ҳам бошқа барча рўйхатдан ўтган диний ташкилотлар каби барча ҳуқуқ ва имтиёзлардан тўлиқ фойдаланаётганини таъкидлади, дейилади хабар матнида. 


Берл Лазар учрашувлар давомида Ўзбекистонда яҳудий халқи тарихи акс эттириладиган музей барпо этиш, ҳамда ибодат маросимлари учун алоҳида ибодатхона қуриш ғояси мавжудлигини маълум қилди. Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умурзоқов мазкур ташаббусни қўллаб-қувватлаб, лойиҳага амалий ёрдам беришга тайёрлигини билдирди.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.