28.01.2025 11:31
Ҳиндистон аҳолиси кексаймоқда
Newsweek нашри Ҳиндистонда кекса аҳоли билан боғлиқ муаммоларни ўрганиб, уларни ҳал қилиш учун чоралар таклиф этди. Ҳиндистондаги Аҳолишунослик жамғармаси директори Пунаам Мутрижанинг айтишича, 2056 йилга келиб, 65 ёшдан ошган аҳоли 15 ёшгача бўлган болалар сонидан ошади.
Асосий муаммолардан бири меҳнатга лаёқатли аҳолининг қисқаришидир. Ёшлар кекса қариндошларини қўллаб-қувватлаши туфайли иқтисодиётга босим кучайиб, унинг ўсиш суръатлари секинлашиши мумкин.
Шу билан бирга, кексаларнинг ижтимоий четланиши кузатилмоқда. Баъзи оилаларда кексалар шафқатсиз муносабатга дучор бўлади, ҳатто кўчада қаровсиз қолдирилади. Доктор ЖП Бхагатнинг маълум қилишича, кўпчилик кексалар оғир шароитларда яшашга мажбур.
Қишлоқлардаги бевалар ва кекса аёллар кўпинча мулксиз, даромадсиз ва тиббий ёрдамдан маҳрум. Уларнинг иқтисодий фаоллиги паст бўлгани муаммоларни кучайтиради.
Жанубий штатларда (Керала, Тамилнаду) бойлик юқори, туғилиш даражаси паст. Аммо шимолий штатлар (Бихар, Уттар-Прадеш) аҳолининг ҳаддан ташқари кўплигига дуч келмоқда.
Мутахассислар ечим сифатида бир қатор тавсияларни ишлаб чиқди.
Унга кўра, кекса аҳоли учун ижтимоий таъминот тизимларини ривожлантириш;
Аёллар учун таълим, иш билан таъминлаш ва тиббий ёрдамни яхшилаш;
Шимолий штатларда таълим ва соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш;
Жанубий минтақаларда кекса аҳолига ғамхўрлик тизимларини кучайтириш.
Мутрижанинг айтишича, агар Ҳиндистон инсон капиталига сармоя киритмаса, демографик дивиденддан маҳрум бўлиши мумкин.