Исломофобия кучайишидаги муҳим босқич: 11 сентябрь хуружлари
АҚШ "Террорга қарши кураш" шиори билан дунёнинг барча давлатларига исломофобияни экспорт қилишга муваффақ бўлди.
2001 йил 11 сентябрда Нью Йорк шаҳридаги Жаҳон савдо
марказининг эгизак миноралари ва Вашингтондаги Пентагонда содир этилган террор
хуружларидан 23 йил ўтиб, дунёнинг катта қисмида мусулмонлар ва ислом динига
нисбатан эҳтиёткорлик, камситиш, бегонасираш ва ҳатто душманликкача айланиб
кетган ҳаракатларга зўравонлик ҳам қўшилди, дейиш мумкин.
Исломофобия қандай пайдо бўлган?
Бугунги кунда мусулмонлар ва исломга бўлган адоват, яъни
исломофобиянинг келиб чиқиши 2001 йилдан анча илгари бошланган. Ислом
жамиятлари VIII асрда насронийлар билан тўқнаш келган вақтдан то XII-XIV
асрлардаги салиб юришларигача Ғарбда Ислом ва мусулмонларга нисбатан эҳтиёткорлик,
қўрқув ва душманлик шаклланди.
Андалусиянинг фатҳ этилиши ва Усмонлилар давлати Европанинг
шарқий қисмида ҳукмронлик қилган даврда янглиш қарашлар, хурофот ва туҳматга
асосланган Исломга душманликнинг ҳам ижтимоий, ҳам сиёсий асослари яратилди.
Иккита жаҳон уруши ўртасида вужудга келган антисемитизм Ғарб тафаккур оламида
исломофобия ўрнини эгаллаган бўлса-да, 1979 йилдаги Эрон инқилоби, Европада
миллионлаб мусулмон “гастарбайтер”ларининг мавжудлиги ва 1991 йилда Совет
Иттифоқининг парчаланиши ислом ва мусулмонларнинг янгидан бегоналаштирилишига
сабаб бўлди.
1973 йилги нефт инқирози ортидан Европада юз берган
иқтисодий муаммолар турклар ва мусулмонлардан ётсирашни ва четлаштиришни янада
кучайтирди. Натижада 1980 йилда Германияда биринчи марта неонацистлар томонидан
Туркия фуқароси ўлдирилди. Айниқса, Германияда туркларга қарши қотиллик ва
террор фаолиятлари йил сайин ортиб борди. Мусулмонлар яшайдиган уйлар ва
қочқинлар лагерлари ёқиб юборилди.
90-йилларда бўлиб ўтган Чеченистон ҳамда Босния урушлари ҳам
Ғарбнинг исломга бўлган душманлигини кучайтиришда муҳим рол ўйнади. Бундан
ташқари, кўп қутблиликка айланган халқаро муносабатлар глобаллашувга олиб
келди, ривожланаётган мусулмон давлатларидан Ғарб мамлакатларига меҳнат ва
талабалар миграцияси сезиларли даражада ўсди. Бу ўсиш билан бир қаторда, шу
пайтгача ўз ҳолича яшаб келган насроний жамиятлари фақат нохолис оммавий
ахборот воситалари ва тарих китобларидаги нотўғри маълумотлар орқали янглиш
таниганлари мусулмонлар билан бирга яшай бошладилар. Бу жараёнда ҳар қанча
“Ислом ханжари” (1979), “Цивилизациялар тўқнашуви” (1996) каби асарлар ҳамда
мусулмонларни тажовузкор ва террорчи сифатида тасвирловчи видео ўйинлар ва
фильмлар яратилган бўлса-да, уларнинг ҳеч бири бугунги исломофобияни келтириб
чиқаришда 2011 йил 11 сентябрдаги террор ҳужумидан кейинги сиёсатчилар,
зиёлилар, академиклар ва оммавий ахборот воситалари томонидан олиб борилган
мунтазам аксил-ислом ташвиқотлари каби самарали бўлмади.
Исломофобия бутун дунёга экспорт қилинди
АҚШнинг ўша пайтдаги президенти кичик Жорж Буш 11 сентябрь
хуружларидан кейинги нутқида терроризмга қарши глобал уруш эълон қилганларини
айтиб, бу урушни Салиб юришларига ўхшатди. Шу тариқа Буш юзлаб йиллик ёмон
гумон, нафрат ва маргиналлаштиришни яна юзага чиқарди. Буш "Террорга қарши
уруш" номи остида бутун дунёга ўз доктринасини ўтказишга уринди.
Доктринага кўра, барча давлатлар АҚШни "терроризм"га қарши курашда
қўллаб-қувватлашга мажбур қилинди.
Шундай қилиб, АҚШ ва “террорчи” сифатида кўрсатилган
мусулмонлар ўртасида жаҳон миқёсида “уруш” бошланди. АҚШ 2001 йилда
Афғонистонни, 2003 йилда Ироқни ишғол қилди. Ушбу давлатлар ва унинг атрофидаги
ҳудудлар ҳокимиятидаги бўшлиқлар сабабли вужудга келган янги террорчилик
ташкилотлари глобал миқёсда хуружларни амалга оширди. Бу хуружларини Ислом
давлатини барпо этиш йўлида амалга оширганликларини эълон қилган мазкур
ташкилотларнинг хатти-ҳаракатлари ва нутқлари АҚШ ва Европа давлатлари
томонидан мамнуният билан кутиб олинди, “Исломий терроризм” атамаси
оммалаштирилиб, мусулмонлар зўравон, инсон ҳуқуқлари ва демократияга душман
террорчилар сифатида кўрсатилди. Бундан ташқари, 2008 йилдаги глобал иқтисодий
инқироз ортидан ўрта қатламнинг молиявий қийинчиликка учраши дунёда
исломофобиянинг кучайишига сабаб бўлди.
Европа ва АҚШ жамиятларининг муҳим қисми бошидан кечираётган
иқтисодий муаммоларга мусулмон иммигрантлари ва элита ҳукмронлик қилаётган
демократик институтларни асосий сабаби сифатида кўрди. Жамиятларнинг ўта ўнг
ғоялар ва партияларни қўллаб-қувватлаши кундан-кунга ортиб борди.
Европа мафкуравий спектридаги деярли барча партиялар ва
ноҳукумат ташкилотлари (ННТ) ўнгчилари-ю, сўлчилари бир-бирига ўхшаш фикр ва
шиорларни маъқуллаши натижасида марказий мавқеини йўқотиб, маргиналлашмоқда.
Исломофобиянинг инъикоси сифатида оммавий ахборот воситаларида мусулмонларга
қарши карикатура ва нафрат сўзлари, Қуръони Каримни ёқиш ҳаракатлари кўпайиб
бораётган бир пайтда, зўравонлик ва террорчилик ҳаракатлари ҳам кучаймоқда.
Мусулмонлар сони энг кўп Европа давлатларидан бири бўлган Германияда 2001 йилда
мусулмонларга қарши 980 та, 2008 йилда 1113 та, 2015 ва 2016 йилларда мос
равишда 1485 ва 1698 та зўравонлик содир этилган. Худди шу йилларда ўта
ўнгчилик таъсиридаги жиноятлар сони 2001 йилда 14 минг 725, 2008 йилда 20 минг
422, 2015 ва 2016 йилларда мос равишда 22 минг 960 ва 23 минг 555 тани ташкил
этган. Ўта ўнг гуруҳларга қўшилиш эҳтимоли бўлганлар сони 2017 йилда 24 минг
кишини ташкил этган бўлса, 2021 йилга келиб бу кўрсатгич 33 минг 900 нафарга
юксалди.
Бироқ Исломга тарихий душманликдан ташқари, исломофобия
кучаяётган ягона минтақа Европа ёки АҚШ каби Ғарб дунёси эмас. АҚШ
"Террорга қарши кураш" баҳонаси билан дунёнинг барча давлатларига
исломофобияни экспорт қилишга муваффақ бўлди. Мянмада роҳинжаларга, Ҳиндистонда
мусулмонларга, Хитойда уйғурларга қарши содир этилаётган ваҳшийлик ва зулмлар,
Германия, Канада, Шри-Ланка ва Янги Зеландияда яшовчи мусулмонлар ва
масжидларга қарши содир этилган террор хуружлари ва ниҳоят Исроил томонидан
Фаластинда олиб борилаётган геноцид ва Ғарбнинг Исроилни сўзсиз
қўллаб-қувватлаши ҳисобга олинса, исломофобия энди глобал ҳодисага айлангани
аён бўлади....
Др. Сонер Таучер,
Сакаря университети Сиёсий фанлар факультети
халқаро алоқалар бўлими ўқитувчиси