Қуръони карим - Аллоҳнинг каломидир. Ундан бир қатор ғайбий хабарлар ҳам ўрин олган бўлиб, ушбу ғайбий хабарларга бағишланган рисоламизнинг учинчи қисмида фиръавннинг ғарқ бўлиши ҳақида суҳбатлашамиз.


“Сизлар сабабли (ўтиб олишларингиз учун) денгизни (ўн икки йўлакка) бўлиб, сизларни қутқарганимиз, кўз ўнгингизда Фиръавн лашкарини ғарқ қилганимизни ҳам эсланг” (Бақара сураси, 50-оят);

«Бас, (Биз) улардан “ўч олдик” – оятларимизни ёлғонга чиқарганлари ва улардан ғафлатда бўлганлари сабабли уларни денгизга ғарқ қилдик» (Аъроф сураси, 136-оят);

(Бу) Фиръавн зодагонлари ва улардан олдингиларнинг ҳолатлари кабидирки, (улар) Парвардигорларининг оятларини ёлғонга чиқаришгач, (шу) гуноҳлари сабабли уларни ҳалок этдик ва Фиръавн зодагонларини (сувга) ғарқ қилдик. Ҳаммаси золим эдилар” (Анфол сураси, 54-оят);

“Шунда (Фиръавн Мусо ва унинг қавмини) у ердан қўзғатмоқчи бўлганида, Биз уни (Фиръавнни) ва у билан бирга бўлганларнинг барчаларини (денгизга) ғарқ қилдик” (Исро сураси, 103-оят);

«Бас, қачонки, икки жамоа бир-бирини (узоқдан) кўргач, Мусонинг ҳамроҳлари: “Бизлар аниқ тутилдик”, дедилар. (Мусо) айтди: Йўқ, мен билан бирга Парвардигорим бор. Албатта, У мени (хавфсиз) йўлга бошлар. Бас, Биз Мусога: “Асойинг билан денгизни ургин!” деб ваҳий юбордик. Бас, (денгиз) бўлиниб, ҳар бир бўлак (сув баландга кўтарилиб) улкан тоғ каби бўлди. Бошқаларни (Фиръавн ва унинг лашкарини ҳам) ўша (йўл)га яқинлаштирдик. Мусо ва у билан бирга бўлганларнинг барчаларини (Фиръавн таъқибидан) қутқардик. Сўнгра бошқаларни (денгизга) ғарқ қилиб юбордик» (Шуаро сураси, 61–66-оятлар).

 Қуръони карим мазкур ояти карималар орқали Фиръавннинг оқибати ҳақида хабар бермоқда. Лашкари билан бирга денгизга ғарқ бўлганини билдирмоқда. Энди эса бошқа бир оятга диққат қаратайлик: “Сиз илгари бирор китобни тиловат қилувчи эмас эдингиз ва қўлингиз билан хат ҳам ёзган эмас эдингиз. Акс ҳолда бузғунчилар, албатта, шубҳага тушган бўлур эдилар” (Анкабут сураси, 48-оят). Бу ерда очиқ баён этилганидек, Пайғамбаримиз алайҳиссалом ўқиш-ёзишни билмасдилар. Шундай бўлатуриб, ўзларидан неча аср олдин яшаган Фиръавн ва унинг денгизга ғарқ бўлгани ҳақидаги хабарни қаердан олдилар? Майли, буни кейинроққа қолдириб, бошқа саволга ўтайлик: Фиръавн ростан ҳам чўкиб ўлганми? Унинг ҳалокатига доир Қуръоний маълумотни тарих ҳам тасдиқлайдими?

Буюк Британиядаги Британия музейида, Фиръавн замонидан қолган 6-рақамли Миср папирусидаги ёзувда шундай жумлалар бор: “Сарой оқ хонасининг қўриқчиси, китобларининг раиси Аменамонидан котиб Пентерхорга:

Бу мактуб қўлингизга етиб борганида ва бошдан-оёқ ўқилиб, ғарқ бўлишдек қайғули фалокатдан хабар топганингизда қалбингизни бўронда қолган япроқ мисоли шиддатли изтиробга топширинг. Мусибат унга тўсатдан ва муқаррар равишда тушди. Сувдаги уйқу жонзотни ночор ҳолга солди.  Бошлиқнинг ўлимини, қавмлар раиси, шарқу ғарб қиролининг маҳв бўлишини тасвирланг. Сизга юборган хабаримни бошқа қайси хабар билан қиёслаш мумкин?

Мазкур матнда Миср Фиръавнининг денгизга ғарқ бўлгани очиқ айтилмоқда. Яъни 6-рақамли Миср папируси Қуръонда келган хабарни тасдиқлаяпти. Шундай экан, бошдаги саволимизга қайтамиз: бирорта ҳарфни ёзмаган, ўқимаган одам ўзидан асрлар аввал яшаб ўтган кишининг ҳалокатини қаердан билди? Агар Қуръонни Аллоҳнинг Китоби деб қабул қилмасак, бу сўровга қандай жавоб берамиз? Ёки “тасодиф” дея қутуламизми? Йўқ, тасодиф дейиш жавоб ўрнини босмайди. Мазкур саволнинг жавоби бор ва қуйидагича: Қуръони карим азалдан абадгача бутун замонлардан хабардор Аллоҳ таоло томонидан нозил қилинган Китобдир. Ҳақ таоло ўтмишда бўлган ва келажакда юз берадиган ҳодисаларни Қуръоний мўъжиза сифатида ояти карималарда билдирди.

Қуръон Аллоҳнинг Китоби эканлигини инкор қиладиганлар оятларда мўъжизавий тарзда келтирилган Фиръавннинг ғарқ бўлиши ҳақидаги ва яна бошқа ғайбий хабарларни нима деб очиқлашади? Қуръон Аллоҳнинг Китоби дея тан олмаслик ҳақиқатга кўз юмиш ва ҳақни инкор этишдир. Ғайбий хабарларининг тўғрилиги Қуръон Аллоҳнинг Китоби ва каломи эканлигининг тасдиғидир.

Мавзуга алоқадор