“Фиръавн қавмини зора эслатма олсалар, деб (қаҳатчилик) йилларига ва меваларнинг тақчиллигига дучор этдик” (Аъроф сураси, 130-оят);

“Шундан кейин улар устига тўфон, чигиртка, бит, бақалар ва қон (балолари)ни аниқ мўъжизалар сифатида юбордик. (Шундан) сўнг (ҳам улар) кибр қилдилар. (Улар олдиндан) жиноятчилар қавми эди” (Аъроф сураси, 133-оят).

Қуръоннинг юқоридаги ва бошқа ояти карималарида Фиръавн ҳамда унинг қавмига келган балолар келтирилади. Тўфон, чигиртка, бит, бақа ва қон балоси санаб ўтилади. Яъни бундай: саркашлик қилиб, инкордан тўхтамаган Фиръавн қавмига Ҳақ таоло қаттиқ жала юборди. Саккиз кеча, саккиз кундуз давом этган ёмғир сабабли ҳеч ким кўчага чиқолмади, Нил тошиб, шиддатли сел уй-жойларни, экинлар ва ҳайвонларни оқизиб кетди. Офат пайтида Фиръавн аъёнлари ҳазрат Мусонинг олдига келиб: “Раббингга дуо қил, бу балони бошимиздан аритсин ва биз сенга эргашайлик”, дейишди. Мусо алайҳиссалом уларнинг илтимосини бажарди ва дуосининг барокати ила тўфон тинди. Лекин қавм барибир имон келтирмади. Тутган йўлидан бир қадам ҳам чекинмади.

Шундан кейин Аллоҳ таоло аломат ва мўъжиза сифатида чигиртка балосини жўнатди. Экинзор ва боғларнинг ҳосилини еб тугатган зараркунандалар галаси одамларнинг уйлари, ҳатто кийимларининг ичигача кирди. Ожиз қолган аъёнлар яна Мусо алайҳиссаломнинг ҳузурига чопишди ва олдинги гапларини такрорлашди. Ҳазрат Мусонинг дуолари барокати билан шамол келиб, чигирткаларни учирганича дарёга улоқтирди. Бироқ қалб кўзи кўр бўлган Фиръавн ва қавми ваъдасида турмади.

Ҳақ таоло бу сафар қавмни бит билан балолантирди. Чигирткалардан қолган-қутганни еган ҳашаротлар одамларнинг либосларига кириб, қонларини сўришарди. Аъёнлар учинчи марта келиб, офатдан қутулишса, Мусо алайҳиссаломга имон келтиришларини айтишди. Ҳазрат Мусонинг дуосидан кейин Аллоҳ таоло ҳашаротларни даф қилди. Қавм эса имон келтириш у ёқда турсин, Аллоҳнинг пайғамбарига: “Сен сеҳргарсан, буларнинг ҳаммасини сеҳринг билан қиляпсан”, дейишгача борди.

Бу гал ҳар тарафни бақа босди. Нажот чораси ҳазрат Мусо эканини билган сарой аҳли илтимосини айтиб, энди чиндан ҳам имон келтирамиз, дейишди. Набавий дуодан сўнг ёққан ёмғир жамики бақаларни денгизга олиб бориб ташлади. Қавм имон келтирдими? Албатта, йўқ! Шу тарзда қон балосини бошларига ўзлари чақириб олишди, ҳамма жойдан, ҳатто ичадиган сувларидан ҳам қон чиқиб келди.

Қуръони каримда бизга ибрат сифатида келтирилган мазкур ҳодисалар ҳақидаги тарих китобларининг баёнларига қулоқ берамиз.

Ўн тўққизинчи аср бошида Ўрта Қироллик давридан қолган Ипувер папируси топилади. 1909 йилда Нидерландиянинг Лейден музейига олиб борилиб, инглиз мисршуноси Алан Гардинер томонидан мазмунига аниқлик киритилади. Мазкур папирусни ёзган Ипувер ўзи гувоҳ бўлган воқеалар ҳақида бундай дейди: “Фалокатлар бутун мамлакатни домига тортди. Ҳар тараф қон, дарё ҳам. Кечагина кўрган нарсаларимнинг ҳаммаси яксон бўлди. Ерлар бўм-бўш, худди ҳайдаб ташлангандек... Мисрнинг қуйи тарафлари йўқликка юз тутди. Бутун сарой ҳувиллаб қолди. қўлимизда ҳеч нарса қолмади: на буғдой, на арпа, на ғозлар ва на балиқлар, ҳаммаси кетди...

Тўққиз кун давомида саройдан ҳеч кимса чиқмади, бирортаси у шахснинг юзини кўролмади.

Шиддатли оқимлар шаҳарларни ер билан битта қилди. Юқори Миср вайронага айланди. Ҳамма жой қон, ўлкада юқумли касалликлар тарқала бошлади.

Бугун ҳеч ким шимолга, Библосга бора олмаётир. Мўмиёларимиз нима бўлади? Олтин тугаб бормоқди...

Одамлар сувдан қўрқиб қолишди. Сув ичиб туриб чанқашмоқда. Мана, сувимиз! Мана, толемиз! Қўлимиздан нима келарди? Ҳамма нарса хароб бўлди. Шаҳарлар қулади. Юқори Миср қуриди. Бир дақиқа ичида яшаш жойлари харобаликка юз тутди”.

Йигирманчи асрда ўқишга муваффақ бўлинган бу маълумотларни эшитаркансиз, таниш оятлар эсингизга тушди, шундай эмасми? Бунинг сабаби эса папирусдаги ёзувларнинг Қуръондаги ояти карималарга жуда ўхшашлиги, Қуръонда келган хабарларни айнан тасдиқлашидир.

Унда савол бундай бўлади: Фиръавн ва қавмига юборилган офатлар ҳақида сўзлаётган папирусдаги маълумотларнинг оятларга мувофиқлигини Қуръон Аллоҳнинг Китоби эканлигидан бошқа бирор нарса билан изоҳлаш мумкинми? Ўқиш-ёзишни умуман билмайдиган одамнинг ўз-ўзидан шундай нарсалар тўғрисида гапириши ишонса бўладиган ишми? Асло! Инсон боласи буларни ўз ақли билан кашф этолмайди. Шундай экан, Қуръони карим одамзотнинг сўзи бўлиши мумкин эмас. Ҳеч шаксиз азал ва абаднинг Султони, ўтмиш ва келажакни худди битта саҳифадек кўришга қодир Аллоҳ таолонинг каломидир.

 

Мавзуга алоқадор