Қирғизистон Республикаси президенти Садир Жапаров 2024 йил 6 июнь куни Пекинда имзоланган "Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон" темир йўли қурилиши бўйича стратегик лойиҳани амалга ошириш тўғрисида"ги битимни ратификация қилиш ҳақидаги қонунни имзолади. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар берди.

Президент маъмурияти қонуннинг мақсади уч давлат ўртасидаги битим кучга кириши учун зарур бўлган ички давлат тартиб-қоидаларини амалга оширишдан иборат эканлигини таъкидлади.

Ҳужжатга мувофиқ, Қирғизистон, Хитой ва Ўзбекистон темир йўл лойиҳасини амалга ошириш учун Қўшма лойиҳавий компания (ҚЛК) тузилади. Лойиҳани амалга ошириш учун устав капиталидаги улушлар уч мамлакат ўртасида тақсимланади: Хитойга улушнинг 51 фоизи, Қирғизистон билан Ўзбекистонга эса 24,5 фоиздан тегади.

Шартномада темир йўл йўналиши "Қошғар - Тўруғарт - Мақмал - Жалолобод - Андижон" шаклида кўрсатилган.

Аввалроқ лойиҳа қиймати 4,7 миллиард долларга баҳоланаган эди. Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси раҳбари Оқилбек Жапаровга кўра, темир йўлнинг қурилиши жорий йилнинг августидан бошланади.

Мавзуга алоқадор