Қирғизистонни Бишкек ИЭСдаги аварияни бартараф этишда қўллаб-қувватлаш мақсадида Қозоғистондан 17 та вагон-цистернага юкланган 1000 тонналик дизель ёқилғисидан иборат инсонпарварлик ёрдамининг биринчи партияси етказилди, дея хабар бермоқда Kazinform.

Ёрдамни топшириш маросимида Қозоғистоннинг Қирғизистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Рапил Жошибаев ва Қирғизистон энергетика вазири Таалайбек Ибраев иштирок этди.

Қозоғистон халқаро тараққиёт агентлиги KazAID кўмагида президент Қосим-Жомарт Токаев номидан 2 минг тонна дизель ёқилғиси кўринишидаги гуманитар ёрдам ажратилди. Етказиб берилаётган Қозоғистон дизель ёқилғиси ҳаётнинг турли соҳалари, жумладан, транспорт, қишлоқ хўжалиги ва тиббиёт муассасаларининг энергия эҳтиёжларини қондириш учун ишлатилади.

“Чуй вилоятидаги Шопокова станциясига 1000 тонналик дизель ёқилғисининг биринчи партияси етиб келди. 1000 тонналик иккинчи партия Қирғизистон томонининг талабига биноан Иссиқкўл вилоятидаги Балиқчи станциясига етказилади. Бугунги воқеа асрлар давомида аждодларимиз томонидан мустаҳкамланиб келган, биз доимо давом эттиришимиз шарт бўлган яқин дўстона муносабатларимиз дахлсизлигини яна бир бор тасдиқлайди. Қозоғистон бошқа қўшни давлатлар қатори Бишкек ИEСдаги техноген авария билан боғлиқ мураккаб вазиятга зудлик билан жавоб қайтарди, шунингдек, Қирғизистонга электр энергияси етказиб беришни сезиларли даражада оширди”, - деди Шошибоев.

Эслатиб ўтамиз, 2 февралга ўтар кечаси Бишкек ИЭС қозонларидан бирида портлаш содир бўлди. Портлаш шаҳарнинг 66 фоиз аҳолисида иссиқлик таъминоти билан боғлиқ муаммоларни келтириб чиқарди. Авариядан сўнг Марказий Осиё давлатлари ҳукуматлари ходиса оқибатларини бартараф этишга ўз ёрдамларини ажратишини маълум қилди. Жумладан, Ўзбекистон томони ёрдам сифатида Андижондан Ўшга суюлтирилган газ баллонларини жўнатди.

Мавзуга алоқадор