6 декабрь куни Россия президенти Владимир Путин Форс кўрфазининг икки араб давлати: Бирлашган Араб Амирликлари ва Саудия Арабистонига ташриф буюрди. TRT Haber хабарига кўра, Россия раҳбари БАА президенти Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаён ва Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси, Саудия Арабистони Вазирлар кенгаши раиси Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд билан музокаралар ўтказди.

Ташрифнинг қисқа муддатли характерини Россия президентининг халқаро масалалар бўйича ёрдамчиси Юрий Ушаков «блиц-тур» деб атади. Ҳеч қандай муҳим келишувлар имзоланмади ёки янги силжиш ташаббуслари эълон қилинмади. Шу билан бирга, Ушаков сафарнинг моҳияти "халқаро ҳамжамият учун сигнал" эканлигини таъкидлади.

Ташриф якунида Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков суҳбат асосан тижорий ҳамкорлик ҳақида бўлгани ва “инвестицион ҳамкорлик давом этишини” таъкидлади.

БААга ташриф

Шайх Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаян Путин билан музокаралар чоғида энергетика ва технология соҳасидаги ҳамкорликка алоҳида урғу берди. “Биз учун ҳамкорликни ривожлантиришнинг устувор йўналишлари инновациялар, энергетика, инфратузилма ва замонавий технологиялар каби соҳалардир”, - деди у.

Путин эса РФ ва БАА ўртасидаги рекорд даражадаги савдо айланмасига алоҳида эътибор қаратди. Ўтган йили товар айирбошлаш ҳажми 67,7 фоизга ошди. Бу йил, менимча, бундан ҳам кўпроқ бўлади. Худди шу нарса инвестиция фаолиятига ҳам тегишли”, - деди у БАА президенти билан учрашувда.

Бундан ташқари, Путин сайёҳлик алмашинуви ривожланаётганига тўхталди. “Ўтган йили БААга Россиядан қарийб бир миллион - 900 мингдан ортиқ сайёҳ ташриф буюрди”, - деди у. Россия раҳбари, шунингдек, БААда рус мактаби очилганини қайд этиб, БАА президентига ушбу мамлакатда православ черкови қурилишига жой ажратгани учун миннатдорчилик билдирди.

Россия президенти, шунингдек, Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаянни келаси йили Қозонда бўладиган БРИКС саммитига таклиф қилди.

Шу билан бирга, Россия бош вазири ўринбосари Александр Новак ҳамкорликнинг бир қанча йўналишларига ишора қилиб, улар орасида энергетика соҳасини алоҳида таъкидлади. “Биз ускуналарни сертификатлаш ва Россия ускуналарини БААдаги лойиҳаларда қўллаш бўйича қўшма лойиҳалар устида ишлаяпмиз, нефть ва нефть маҳсулотлари савдоси ўзаро манфаатли асосда амалга оширилмоқда”, — деди у.

Бундан ташқари, Россия бош вазири ўринбосари Денис Мантуров яқин келажакда ЕОИИ ва БАА ўртасида эркин савдо шартномасини имзолаш бўйича музокараларни якунлаш истиқболига ишора қилди.

“Яқин келажакда биз ЕОИИ ва Амирликлар ўртасида савдо шартномасини имзолаш бўйича музокаралар якунланишини кутмоқдамиз”, - деди Мантуров журналистларга. У, шунингдек, Kizad саноат зонасидаги қўшма лойиҳалар ва Россиянинг қимматбаҳо “Аурус автомобилининг Амирликлар бозорига киришини эслатиб ўтди.

Саудия Арабистонига ташриф

Путин ва Бин Салмон Ал Сауд учрашувида кўтарилган мавзулар қаторида нефть асосий масала бўлди. Песков ҳар икки томон ҳам энергия бозорининг барқарор ҳолати учун масъул эканини тушунишини таъкидлади. Шу боис ОПEК+ доирасидаги ҳамкорлик музокаралар марказида бўлди.

Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси, ўз навбатида, Россия билан ҳамкорликнинг истиқболли йўналиши сифатида хавфсизлик масаласига эътибор қаратди. “Сиёсий ҳамкорлик шарофати билан биз Яқин Шарқда кечаётган қатор жараёнларга ижобий таъсир кўрсата олдик, бу эса минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлаш имконини берди”, — деди у.

Россия президенти Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодасига ҳам Москвага ташриф буюришни таклиф қилди. Валиаҳд шаҳзода ушбу таклифга рози бўлди. Аммо жавоб ташрифининг тафсилотлари ёки саналари ҳозирча маълум қилингани йўқ.

Ниҳоят, Путин ўғитлар соҳасида қўшма Россия-Саудия компаниясини яратиш ташаббусини илгари сурди. Араб давлати бу лойиҳа учун тасодифан танланмаган: Саудия Арабистони ўғитлар, хусусан, фосфор ва азотнинг йирик ишлаб чиқарувчиси ва экспортчиси ҳисобланади. 2022 йилда қироллик фосфат ўғитлари экспорти бўйича жаҳон бозорининг чорак қисмини эгаллаш режасини эълон қилди.

Путиннинг хорижга сафарлари

Россия президенти Владимир Путин жорий йилнинг 17 март куни Гаагадаги Халқаро жиноят суди томонидан халқаро қидирувга берилганидан буён илк бор Россия билан чегарадош бўлмаган мамлакатга ташриф буюрди.

Путин октябрь ойида ордер чиқарилгандан сўнг илк хорижий ташрифини Қирғизистонга амалга оширди. Сўнгра октябрь ойида Хитойга, ноябрда эса Қозоғистонга ташриф буюрди. Шунингдек, у Украинанинг Москва назоратидаги ҳудудлари бўлди.

Путиннинг араб мамлакатларига ташрифи тугаши билан 7 декабрь куни Москвада Эрон президенти Иброҳим Раиси билан учрашиши режалаштирилган.

Маълумот учун, БАА ва Саудия Арабистони Халқаро жиноят судининг Рим статутини ратификация қилган давлатлар қаторига кирмайди, БАА эса шартномани имзолаган, лекин ратификация қилмаган, деб ёзади «Коммерсант».

Владимир Путин БААга ИЛ-96 русумли президент самолётида иккитадан гуруҳларга бўлинган Су-35С русумли жанговар самолётлар қуршовида борди. Мазкур жанговар самолётлар ҳаводаги нишонларни уриб туширишга қодир Р-73 ва Р-77 ракеталари билан жиҳозлангани кўринган.

Мавзуга алоқадор