26.12.2024 09:46

Покистоннинг Афғонистонга ҳужуми қурбонлари 46 нафарга етди

Афғонистонни назорат қилувчи «Толибон» ҳаракати Покистон ҳаво ҳужумларини кескин қоралаб, бу ҳаракатлар учун жавоб берилишини билдирди.

Расмий Кобул маълумотларига кўра, Афғонистоннинг Пактика вилоятига қилинган ҳужум натижасида 46 киши ҳалок бўлган. Хабарга кўра, ҳалок бўлганлар орасида аёллар ва болалар ҳам бор. Яна олти киши жароҳатланган, деб маълум қилди Khaama Press ахборот агентлиги.

Покистон армиясига яқин манбаларнинг хабар беришича, ҳужум давомида мамлакат ҳарбий-ҳаво кучлари "Теҳрик-и-Толибон Покистон"га тегишли деб ҳисобланган тўртта база ва бир неча жангари йўқ қилинган.

Афғонистоннинг Мудофаа вазирлиги Покистонни афғон аҳолисининг ўлими ва мамлакат суверенитетини бузганликда айблади. Вазирлик ҳодиса юзасидан қарши жавоб чоралари кўрилишига ваъда берди.

Покистон ҳужумлар бўйича ҳали расмий изоҳ бермаган, аммо вазият икки қўшни давлат ўртасидаги муносабатларни янада таранглаштириши мумкин.

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.