НАТО Кенгаши келаси йил учун альянснинг фуқаролик ва ҳарбий бюджетларини 18,2 ва 12 фоизга оширишни маълум қилди. Ўсишдан сўнг блокнинг ҳарбий бюджети 2,03 миллиард еврони, фуқаролик бюджети эса 438,1 миллион еврони ташкил этади, дея хабар беради альянс матбуот хизмати.

Альянс бош котиби ўринбосари Мирча Жоанэнинг айтишича, молиялаштиришнинг кўпайиши НАТОга хавфсизлик муаммоларини янада самаралироқ ҳал қилиш имконини беради.

“Биргаликда молиялаштириш иттифоқчиларнинг бирдамлиги ва жамоавий иродасини намойиш этади. Бизга нотинч пайтларда бу ҳар қачонгидан ҳам керак”, деди расмий.

НАТО матбуот баёнотида, шунингдек, ҳарбий бюджет альянс қўмондонлик тузилмасининг оператив харажатлари ҳамда халқаро операцияларга йўналтирилиши айтилган. Альянснинг фуқаролик бюджетидан тушадиган маблағлар оператив харажатлар, жумладан, альянснинг Брюсселдаги штаб-квартирасини сақлаш учун сарфланади.

Бир йил олдин ҳам альянс ҳарбий ва фуқаролик бюджетларини оширганди: ҳарбий мақсадларга  1,96 миллиард евро ёки 27,8 фоиз кўп маблағ йўналтирилган бўлса, фуқаролик бюджети 370,8 миллион евро ёки 2022 йилга нисбатан 25 фоизга кўп этиб белгиланганди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси 2024 йилги мудофаа бюджети лойиҳасини тасдиқлагани ҳақида ёзган эдик. Унга кўра, АҚШнинг 2024 йилги ҳарбий харажатлари қарийб 28 миллиард долларга ортиб, 886 миллиард долларни ташкил этади.

Мавзуга алоқадор