Ливанда “Ҳизбуллоҳ” ҳаракати аъзоларига тегишли шахсий электрон қурилмаларга қаратилган, айни пайтгача камида 20 кишининг ўлимига ва 3 мингга яқин одамнинг яраланишига сабаб бўлган оммавий ҳужум, шубҳасиз, Исроил томонидан қасддан уюштирилган терактдир. Сешанба куни бошланган ҳужум чоршанба куни ҳам давом этди. Шу куни бир кун олдинги ҳужумда ҳалок бўлганларнинг дафн маросимида бошқа шахсий алоқа воситаларининг ҳам портлаши оқибатида камида тўққиз киши ҳалок бўлгани ва ўнлаб одамлар жароҳатлангани айтилмоқда.

Давом этаётган бу ҳужумни фақатгина террористик характерга эга, деб таърифлаш мумкин. Ўзининг кўлами ва усули бўйича мисли кўрилмаган бўлса-да, унинг пала-партиш табиати Исроил учун янгилик эмас. Аслида, Исроилнинг тинч аҳолига катта зарар етказиш тамойили айнан ушбу ҳужум маркази бўлган Байрутнинг Даҳия тумани номи билан аталади. Сўнгги воқеалар Исроилнинг инсон ҳаётига нақадар беписанд эканлигини кўрсатмоқда. Аммо бундай ҳолат Исроил учун одатийдир, гарчи Ғарб матбуоти бу ҳақда ҳеч қачон ёзмаса ҳам...

Ғарб оммавий ахборот воситаларининг талқини

The New York Times газетасининг Патрик Кингсли, Эуан Вард, Ронен Бергман ва Майкл Ливенсондан иборат жамоаси ушбу ҳужумда Исроилнинг қўли борлигини ёзган бўлса-да, сионистларнинг айбини имкон қадар юмшатишга уринган. 

Тhе Times газетаси шундай хабар берди:

“Ҳужум ҳақида маълумот олган Америка ва бошқа расмийларнинг айтишича, Исроил Ливанга олиб келинган Тайванда ишлаб чиқарилган пейжерлар партиясига портловчи моддалар яширган. Икки амалдорнинг сўзларига кўра, ҳар бир пейжернинг батареяси ёнига бир ёки икки унция портловчи модда жойлаштирилган. Баъзи расмийларга кўра, “Ҳизбуллоҳ” Тайвандаги “Голд Аполло” компаниясидан буюртма берган пейжерлар Ливанга етиб келишидан олдин ўзгартирилган. Исроил портловчи модданинг ҳажмини ҳисобга олган ҳолда, “Ҳизбуллоҳ”га алоқаси бўлмаган одамларга зарар етиши хавфини паст баҳолаган”.

Тhе Times, шунингдек, “портлашлар 7 октябрда ҲАМАС Исроилга ҳужум қилганидан кейин авж олган Исроил ва “Ҳизбуллоҳ” ўртасидаги можаронинг сўнгги нуқтаси бўлиб туюлди”, деб ёзади. Бу эса тинч аҳолига нисбатан очиқдан-очиқ ноаниқ ва ҳалокатли ҳужумни эмас, балки оддий ҳарбий ҳаракатни тасвирлаш демакдир. Кечагина америкалик маълумот тарқатувчи Эдвард Сноуден ҳужумнинг йўналиши ва таъсирини тўғри баҳолади:

“Исроилнинг *ҳар қандай* усул билан қилган иши мутлақ бепарволикдир. Улар ҳайдовчиларни (яъни назоратдан чиқиб кетган машиналарни), харид учун (болалар аравачаси билан)  навбатда турган аёлларни ва бошқа тинч аҳоли вакилларини портлатиб юборишди. Бунинг терроризмдан фарқи йўқ”.

“Al Jаzeerа”нинг етакчи сиёсий таҳлилчиси Марвон Бишара, айниқса Ғарб аудиторияси учун муҳим бўлган ҳақиқатни айтди:

“Бутун дунё томошабинлари учун бу ерда бироз “роль ўйнаш” фойдали бўлиши мумкин. Тасаввур қилинг, Пентагон, Давлат департаменти ва Марказий разведка бошқармасида фаолият юритаётган 1200 кишининг юзида, қўлларида ва қорин бўшлиғида пейжер портлади. АҚШ бунга қандай муносабатда бўлади, деб ўйлайсиз?”

Тhе Times газетаси Исроилнинг “Эрон ва ушбу давлат томонидан қўллаб-қувватланадиган гуруҳларга қарши яширин операцияларни амалга ошириш учун технологиядан фойдаланишнинг узоқ тарихи”ни гўё ажойиб технологик ютуқ сифатида баҳолади. Аммо аслида Исроил бу ерда нима қилаётганини тушуниш учун биз унинг шафқатсиз ҳужумлари тарихига эътибор қаратишимиз кифоя. Бу эса нафақат тарихий, балки стратегик ва географик жиҳатдан ҳам долзарбдир.

Шафқатсиз ҳужумлардан геноцидга ўтиш йўли

“Даҳия таълимоти” атамаси Исроил 2006-йилги уруш пайтида нишонга олган ва ер билан яксон қилган Бейрутнинг Даҳия тумани номидан олинган. Бу туманда “Ҳизбуллоҳ”га алоқадор кўплаб оилалар яшаган.

2008 йилда Шимолий қўмондонликнинг ўша пайтдаги ҳарбий бошлиғи Гади Эйзенкот (кейинчалик Бош штаб бошлиғи ва марказчи вазир) таълимотни ишлаб чиқди ва Исроилга ҳужум қилишга журъат этган ҳар қандай душманни “кутаётган қисмат”дан огоҳлантирди:

“2006 йилда Байрутнинг Даҳия туманида содир бўлган воқеалар Исроилга қарши ўқ узилган ҳар бир қишлоқда такрорланади... Биз [бундай қишлоқларга] номутаносиб куч ишлатиб, у ерда катта зарар ва вайронагарчилик келтирамиз. Биз учун бу ерлар тинч аҳоли яшайдиган қишлоқлар эмас, ҳарбий базалар ҳисобланади”.

Исроил бу усулни 2008-2009 йиллардаги Ғазога ҳужумида қўллаган. БМТнинг 2009 йилдаги “Голдстоун ҳисоботи”да Исроил “оддий тинч аҳолини жазолаш, таҳқирлаш ва қўрқитишга қаратилган ҳужум” ташкиллаштиргани тўғрисида хулоса чиқарилган ва ушбу бузғунчиликни “Даҳия таълимоти”нинг амалда қўлланилиши эканини урғулаган. Бундан ушбу шайтоний таълимот “жазолаш, таҳқирлаш ва қўрқитиш”ни ўз ичига олиши маълум бўлади.

Ғазога уюштирилган ҳужум эса ушбу таълимотнинг тўлиқ геноцидга айланганини кўрсатди. Бу таажжубланарли эмас, чунки тинч аҳолига қасддан зарар етказиш “уруш” мантиғи сифатида дастлаб ушбу таълимотнинг моҳиятида мавжуд эди.

Ҳозир эса, Исроил пейжерларни портлатмоқда. Сўнгги воқеалардан хулоса чиқарсак, Ғарб оммавий ахборот воситалари бу ҳаракатни ҳам террор деб баҳоламаслиги ҳақиқатга мос. Исроилга нисбатан бу ҳали ҳам радикал фикр ҳисобланади, чунки “террор” – бу фақат Ғарб душманлари ҳамда мусулмонлар учун қўлланиладиган сиёсий атамага айлантирилган.

Мавзуга алоқадор