Исроил Ғазо секторида босқинчилик ва қирғинбарот урушини бошлаганига 183 кун бўлди. 24 соат давомида Ғазо сектори, Иордан дарёсининг Ғарбий соҳили ҳамда бутун Яқин Шарқ ҳудудида содир бўлган асосий воқеалар.

▪️ Босқинчилар Хон Юнис, Нусейрат лагери ва Зайтин ҳудудига ҳужум уюштирди. Кун давомида 54 киши ҳалок бўлди, 82 киши яраланди. Шаҳидлар сони 33 091 кишига, ярадорлар сони эса 75 750 кишига ошди.

▪️ Ғарбий Соҳилда иккинчи кун кетма-кет ишғолга оид учувчисиз учоқлар Ал-Ақсо масжидидаги мўминларга қарата кўздан ёш оқизувчи газ отмоқда. Босқинчилар Хеврон, Наблус ва Қалкилёга ҳам бостириб киришди. Ҳужумлар натижасида 3 нафар фаластинлик, жумладан бир бола ўқдан жароҳат олди.

▪️ 7 октябрдан буён ишғол остидаги Ғарбий Соҳилда Исроил ҳарбийлари томонидан қўлга олинган фаластинликлар сони 8,03 минг кишига етди.

▪️ Фаластин хавфсизлик кучлари Ғарбий Соҳилда ИШИД жангариларини қўлга олди. Қайд этилишича, отряд Фаластин маъмурияти хавфсизлик хизмати штаб-квартирасига ҳужум уюштиришни режалаштирган.

▪️ Босқинчилар томонидан ўрнатилган чекловларга қарамасдан, Лайлатул Қадр кечаси Ал-Ақсо масжидида 200 мингдан зиёд намозхон таровеҳ намозларини адо этди.

▪️ Қонунчилар ва АҚШ Конгресси Вакиллар Палатасининг собиқ спикери Ненси Пелоси Исроилга қурол етказиб беришни тўхтатишни талаб қилиб, Байден ва Блинкенга йўлланган мактубни имзолади.

▪️ Босқинчилар катта эҳтимол билан Ғазода асирга олинган исроилликни ўлдирганликларини билдирмоқда. Вертолёт ҲАМАС аъзоларини олиб кетаётган машинага қарата ўқ узгани ва катта эҳтимол билан улар орасида асирга олинган Эфрат Кац ҳам бўлгани айтилмоқда.

▪️ БМТ бош котиби Энтони Гутерриш: Ғазода 107 мингдан ортиқ одам ҳалок бўлди ёки яраланди.

▪️ Туркия ички ишлар вазири Али Йерликая мамлакат ҳудудидаги шахслар ва компаниялар тўғрисида маълумотларни Исроил разведкасига етказиб турганликда гумонланаётган 8 киши қўлга олинганини маълум қилди.

▪️ Фаластинлик ёзувчи ва имом Маҳмуд ал-Ҳасанат жума куни энг қисқа хутба (хутба) ўқиди: “Агар 37 минг ҳалок бўлган, 70 минг яраланган, 2 миллион бошпанасиз фаластинлик умматни уйғота олмаса, менинг сўзларимдан нима маъно бор? Кимгадир нима дейишим керак? Сафларингизни ростланг, намоз ўқиймиз”.

▪️ Кимлигини сир тутган туркиялик сахий ўз уйини сотиб, унинг пулига ғазоликлар учун 150 та чодир сотиб олиб берди. Ўзи эса ижарада яшай бошлаган. Фаластинликлар бу саховатли туркни Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари шарафига Абу ад-Даҳда деб аташмоқда. 

Мавзуга алоқадор