Исроил Ғазо секторида босқинчилик ва қирғинбарот урушини бошлаганига 178 кун бўлди. 24 соат давомида Ғазо сектори, Иордан дарёсининг Ғарбий соҳили ҳамда бутун Яқин Шарқ ҳудудида содир бўлган асосий воқеалар.

▪️ Кун давомида Ғазонинг турли қисмлари, жумладан, Хон Юнисда ишғолчилар ва қаршилик кучлари ўртасида қизғин жанглар бўлиб ўтди. Исроил бомбалари 77 кишининг ҳаётига зомин бўлди, 108 киши жароҳатланди.

▪️ Ғазо секторидаги “Ал-Ақсо шаҳидлари” касалхонасига уюштирилган ҳужумлар натижасида 4 киши фаластинлик ҳалок бўлди, 17 нафари жароҳатланди.

▪️ Ғарбий Соҳилдаги Тал-Аз-Сабада ишғолчилар ҲАМАС етакчиси Исмоил Ҳаниянинг опасининг уйига ҳужум қилиб, сўнгра аёлни ҳибсга олди.

▪️ Ишғолчилар 2 ҳафталик қамалдан сўнг Ғазодаги Шифа касалхонаси ва унинг атрофини тарк этди. Тарк этишдан аввал шифохона биноларидан бирини ёқиб юборди. Маҳаллий аҳолининг сўзларига кўра, шифохона ҳовлиси ва атрофидан 100 дан ортиқ шаҳидларнинг жасади топилган.

▪️ АҚШ Ҳарбий Ҳаво Кучларининг америкалик учувчиси Лаппи Хепт Ғазодаги хавфли вазиятга эътибор қаратиш мақсадида очлик эълон қилди.

▪️ Ишғол остидаги Халилда (Хеврон) 19 ёшли фаластинлик Моамман Фаёз Ал-Макалма пичоқ билан уч босқинчи аскарини жароҳатлади. Моаманнинг ўзи ҳалок бўлди.

▪️ Қуддусда 100 мингга яқин одам Нетаняху ва унинг ҳукуматига қарши норозилик билдириш учун намойишга чиқди.

▪️ АҚШ Марказий қўмондонлиги (CENTCOM) Ғазо шимолидаги ҳудудларга ҳаводан 50 мингдан зиёд порция эквивалентидаги озиқ-овқат ва сув кўринишидаги инсонпарварлик ёрдамини ташлади.

▪️ Исроил ҳаво кучлари Сурия пойтахти Дамашқ ҳудудидаги бир қанча нишонларга зарба берди. Ҳужум натижасида бир қанча тинч аҳоли вакиллари жароҳатланган, мол-мулкларга зарар етган. Сурия ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари душманнинг бир нечта ракеталарини уриб туширган.

Мавзуга алоқадор